Жаҳон | 09:20 / 25.09.2024
2626
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден президентлик даврида илк бор Берлинга ташриф буюради

Der Tagesspiegel ва Der Spiegel нашрларининг ёзишича, Байденнинг Германияга икки томонлама муносабатлар доирасидаги илк ташрифи 10-12 октябр кунлари бўлиб ўтади.

Фото: Оқ уй / Adam Schultz

Норасмий маълумотларга кўра, АҚШ президенти Жо Байден Берлинга илк бор ташриф буюради. У Германия пойтахтига президентлик сайловларига бир ойдан камроқ вақт қолганда – 10 октябр куни ташриф билан келади ва у ерда уч кун қолади, деб хабар берди Der Tagesspiegel газетаси 24 сентябр, сешанба куни Берлин полициясидаги манбаларга таяниб. Нашрнинг қайд этишича, Берлин полицияси Америка президентини қабул қилишга ҳозирлик кўра бошлаган.

Тўрт томонлама учрашув бўлиши мумкин

Ўз навбатида, Der Spiegel Берлин ҳукумат доираларидаги манбага таяниб, Байденнинг 10-12 октябр кунлари Берлинга ташрифи ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, ташриф доирасида Байден, Германия канцлери Олаф Шолц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Британия бош вазири Кир Стармер ўртасида тўрт томонлама учрашув бўлиб ўтади. Бошқа нарсалар қаторида Украинани қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинади, деб ёзади ҳафталик.

Бир ҳафта олдин Американинг The Hill газетаси президентга яқин шахсларга таяниб, Байденнинг Берлинга бориш режалари ҳақида хабар берган эди. Бироқ сафар вақти эълон қилинмади. Ушбу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Байденнинг АҚШ ва Германия ўртасида икки томонлама муносабатлар доирасидаги илк ташрифи

Бу Байденнинг қарийб тўрт йиллик президентлик даврида икки томонлама муносабатлар доирасида Германияга илк ташрифи бўлади. АҚШ президенти Барак Обама Берлинга охирги марта шундай ташриф билан саккиз йил аввал келган. Шу билан бирга, 2022 йилда Байден Бавариянинг Элмау шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммитида иштирок этди ва 2023 йилда Рамштайн ҳарбий базасига қўниб ўтган.

2025 йилнинг январида 81 ёшли Жо Байден президентликдан кетади. Ўтган ёзда ўз партияси босими остида у иккинчи муддатга номзодини қўйишдан бош тортди, шундан сўнг демократлар вице-президент Камала Ҳаррисни ўз номзоди сифатида кўрсатди.

Мавзуга оид