Жаҳон | 12:58 / 28.09.2024
1192
2 дақиқада ўқилади

Молдовада еттита кремлпараст сайт блокланди

Молдовада «РИА Новости» ва «Независимая газета»нинг веб-сайтлари, шунингдек, Қрим расмийлари билан боғлиқ онлайн ресурслар блокланди. Молдованинг Европа интеграциясига қарши чиққанларнинг веб-сайти ҳам блокланди.

Фото: DPA

Молдова Ахборот ва хавфсизлик хизмати мамлакатдаги еттита веб-сайтни блоклашни буюриб, улар республика миллий хавфсизлигига зарар етказишини билдирди. Ахборот ва хавфсизлик хизмати талаби 25 сентябр, чоршанба куни Молдова интернет-провайдерларига юборилди.

Россия давлат ахборот агентлиги «РИА Новости» ва Россиянинг «Независимая газета» сайтлари блокланди. Бундан ташқари, молдовалик фойдаланувчиларнинг Москва томонидан тузилган Қрим «давлат кенгаши», «Қрим газетаси» ва «Крым24» телеканали веб-сайтларига кириш чекланиши керак.

Тўсиб қўйилган еттинчи ресурс Nu. Nu Acum («Йўқ. Ҳозир эмас») ҳаракати сайти бўлиб, у Молдова фуқароларини мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши овоз беришга чақирган. Бу масала бўйича референдум 20 октябр куни Молдовада президентлик сайловларида овоз бериш билан бир вақтда ўтказилиши режалаштирилган.

Молдовада кремлпараст сайтлар блокланиши

2023 йил октябр ойида Ахборот ва хавфсизлик хизмати молдовалик фойдаланувчиларнинг Россиянинг 22 та веб-сайтига, шу жумладан ТАСС ва «Интерфакс» ахборот агентликларининг онлайн платформаларига, «Россия 1», НТВ ва «Царьград» телеканалларига киришини чеклашни буюрди. 2023 йил баҳорида Молдовада дезинформация тарқатишда айбланган Кремлга яқин бўлган Sputnik агентлигининг бешта веб-сайтига кириш тақиқланган эди.

Бундан ташқари, Молдова Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг RT ва «Россия сегодня» медиа-гуруҳига қарши санкцияларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мавзуга оид