Ўзбекистон | 10:50 / 02.10.2024
3856
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши ортяпти. Экология вазирлиги изоҳ берди

Охирги ҳафталарда Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли PM2.5 заррачалари 15 мартагача ошиши кузатилди. Бунга кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера қатламларининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспорти кўплиги, кенг кўламли қурилишлар, яшил ҳудудларнинг камлиги кабилар сабаб бўляпти, деб изоҳ берди Экология вазирлиги.

Фото: Kun.uz

Бугун, 2 октябр куни 9:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво таркибидаги PM2.5 заррачаси ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 8.4 баробарга кўпайган. Сентябр ойида ҳам шаҳарда ҳаво ифлосланиш даражаси бир неча марта ортганди. Kun.uz сўровига жавобан Экология вазирлиги ифлосланиш манбалари ҳақида маълумот берди.

Вазирлик изоҳига кўра, республикада ҳавонинг чанг билан ифлосланиши табиий (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар) ва антропоген (транспорт, саноат, қурилиш ташламалари) омиллар билан боғлиқ. Шунингдек, кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера ҳавосининг турғунлиги каби сабаблар ҳам атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши учун шароит яратади. “Бундан ташқари, шаҳарлардаги атмосфера қатламларининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, яшил ҳудудларнинг камлиги — буларнинг барчаси метеорологик шароитлар ва антропоген юклама атмосфера ҳавосининг юқори ифлосланишига олиб келмоқда”, – дейилади вазирлик изоҳида.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 638,8 мингдан ортиқ транспорт воситаси мавжуд, унга қўшимча равишда бир кунда пойтахтга ўртача 150 мингдан 300 минггача транспорт воситаси кириб келади. Тошкент шаҳрида транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2021 йилда 212,4 минг тонна, 2022 йилда эса 403 минг тоннани ташкил этган, яъни зарарли ташламалар 190,6 минг тонна (47,3 фоиз)га кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, 29 сентябр соат кечки вақтда Тошкент шаҳрида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар концентрацияси 166 мкг/м3 ни ташкил этиб, халқаро IQair маълумотлар базасида дунёда энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида 2-ўрин деб эълон қилинганди.

Мавзуга оид