Жаҳон | 11:10 / 03.10.2024
1968
2 дақиқада ўқилади

Германияда фуқаролик нафақаларини олиш қоидалари қатъийлаштирилади

Берлиндаги ҳукумат фуқаролик нафақаларини олувчиларни ишга киришни рағбатлантиришга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлади.

Фото: Rainer Weisflog/IMAGO

Германия ҳукумати фуқаролик нафақалари (Bürgergeld)ни олувчилар учун қоидаларни кучайтирмоқда. Вазирлар маҳкамаси тегишли қонун лойиҳасини тайёрлагани ҳақида 2 октябр, чоршанба куни Германия меҳнат вазири Ҳубертус Хайл маълум қилди.

Агар бундай имтиёзларни олувчи узрли сабабларсиз унга таклиф қилинган ишдан ёки ўқишдан бош тортса, у кейинги уч ой ичида унга тўланадиган тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилишини кутиши керак. Бандликка кўмаклашиш марказида раҳбар билан расман режалаштирилган учрашувга келмаган ишсиз фуқароларнинг тўловлари бир ой давомида 30 фоизга камайтирилади.

Ҳубертус Хайл, шунингдек, ноқонуний ишлаётган нафақа олувчиларга қарши режалаштирилган санкцияларни ҳам эълон қилди. Иш марказлари нафақа тўловларини олаётганда ишлаётганга ўхшаб кўринган мижозлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериши керак бўлади.

Германия чегараларида умумий танланган назорат жорий этиляпти

Германия 16 сентябрда кенгайтирилган чегара назоратини бошлаши олдидан ички ишлар вазири Нэнси Фезер ушбу чорани ҳимоя қилиб чиқди ва бу чегараларда узоқ тирбандликларга олиб келмаслигига ваъда берди. «Биз тартибсиз миграцияга чек қўйишимиз, контрабандачиларни тўхтатишимиз, жиноятчиларнинг қўлини боғлашимиз, радикалларни аниқлашимиз ва тўхтатишимиз керак», деди у 15 сентябр куни чоп этилган ҳафталик Bild am Sonntag газетасига берган интервюсида.

Полша ва Грециянинг кескин танқидлари остида Фезер шундай таъкидлади: «Биз Европага зарар етказадиган чораларни кўрмаяпмиз, биз қўшниларимиз билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қиляпмиз, чунки танланган назорат туфайли узоқ тирбандликлар бўлмайди. Ҳозирги вазият буни талаб қилмоқда. Биз ақлли назоратни жорий қилмоқдамиз».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид