Жаҳон | 15:41 / 03.10.2024
5657
4 дақиқада ўқилади

Исроил яна Байрут марказига зарба берди: қурбонлар бор

Исроил чоршанба куни кечқурун Байрут маркази бўйлаб йўллаган навбатдаги авиазарба оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги. Вазирлик хабарида яна 11 киши жароҳатлангани айтилган.

Фото: Reuters

Исроил мудофаа армияси аввалроқ «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг Байрутдаги объектига аниқ зарба берганини хабар қилганди.

Ливандаги манбаларга кўра, зарба оқибатида «Ҳизбуллоҳ»га тегишли тиббиёт маркази шикастланган.

BBC’нинг Ливан пойтахтидаги мухбири шаҳар марказида кучли портлаш рўй берганини хабар қилган. Шунингдек, Байрут жанубида ҳам аввалига учта портлаш, унинг ортидан яна иккита портлаш кузатилган.

Шикастланган бино Ал-Башур туманида жойлашган. Фото: AFP

Мухбир маълумотига кўра, зарбага учраган бино Ал-Башур туманида, Ливан парламенти ҳамда БМТнинг минтақавий штаб-квартираси яқинида жойлашган.

Исроил армияси Байрут марказига илк зарбани душанбага ўтар кечаси йўллаганди, бунга қадар фақат шаҳарнинг жанубий чеккалари ўққа тутиб келинаётганди, бу ердаги Даҳия туманида «Ҳизбуллоҳ» объектлари жойлашган.

Исроиллик ҳарбийлар тунда яна Ливан пойтахти жанубидаги айрим туманлар аҳолисини ЦАҲАЛ зарба беришни режалаштираётган бу ҳудудларни тарк этиш тўғрисида огоҳлантирди.

«Сиз „Ҳизбуллоҳ“га тегишли объектлар яқинидасиз, армия яқин келажакда ҳаракатга тушади», — деган Исроил мудофаа армияси вакили Авихай Адраи.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кун давомида исроилликлар зарбалари оқибатида 46 киши ҳалок бўлиб, 85 киши яралангани тўғрисида хабар берди.

Байрут жанубида чоршанба оқшомидаги ҳолат. Фото: AFP

Чоршанба куни, Ливан билан чегарада қуруқлик амалиёти бошлангани эълон қилинганидан кейинги кунда Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ» билан жангларда ҳалок бўлган илк ҳарбий хизматчиси ҳақида хабар берди. Кейинроқ ҳарбийлар орасидаги қурбонлар сони саккиз нафарга етди.

«Ҳизбуллоҳ» вакили чоршанба куни гуруҳ жангчилари «мудофаага тўлиқ тайёрлиги» ва Исроил армияси билан курашиш учун етарли миқдорда ўқ-дорига эга эканини билдирди.

Чоршанба куни тонгда ҳам Исроил мудофаа армияси Ливан жанубидаги 25 га яқин қишлоқ аҳолисини эвакуация зарурати ҳақида огоҳлантирганди.

Исроил армияси аввалроқ Ливан жанубидаги чегара қишлоқларда «террорчилик инфратузилмалари»ни йўқ қилиш бўйича амалиётга қўшимча бўлинмалар жалб этилгани ҳақида маълум қилганди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳалок бўлган аскарларни хотирлаб, улар «Исроилни йўқ қилишга интилаётган Эрон қаршилик ўқига қарши оғир урушнинг авж палласида» жон берганини айтган.

«Бундай бўлмайди, чунки биз биргамиз ва худонинг ёрдамида ғолиб бўламиз», — деган у.

Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари чоршанба куни ҳам ҳужумларни қайтариш учун ҳаракатга келтирилган — ЦАҲАЛ маълумотига кўра, кун давомида Ливан жанубидан Исроил шимолига 240 дан ортиқ ракета учирилган.

1 октябр куни Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Американинг Ўрта ер денгизи шарқида турган эсминецлари ёрдамида Эрон «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас етакчилари ўлдирилишига жавобан учирган 200 га яқин баллистик ракеталарни қайтарганди.

Нетаняҳу Ливандаги қуруқлик амалиёти «Ҳизбуллоҳ»нинг имкониятларини заифлаштириб, жангариларни чегара ҳудудлардан чекинишга мажбур қилиши, бу эса ўн минглаб исроилликлар мамлакат шимолидаги уйларига қайтишига имкон беришига ишонмоқда.

Мавзуга оид