Спорт | 10:48 / 04.10.2024
11069
6 дақиқада ўқилади

Галактикос 2.0. «Реал»нинг натижалари қанчалик хавотирли?

Мавсум аввалидаги ўйинлари билан бир неча бор мухлисларни сергак торттирган «Реал» охир-оқибат ўша тахмин қилинган мағлубиятни қабул қилиб олди. «Лилл» майдонида клубнинг 36 ўйинлик мағлубиятсиз серияси якунланди ва бу шунчаки бир омадсиз ўйин натижаси эмасди.

Фото: Getty Images

Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби дастлабки турда тажриба эвазига сўнгги ўн дақиқаликда «Штутгарт»дан ғалабани тортиб олишга эришганди. Учрашувдан кейин немис клуби бош мураббийи Себастиан Ҳёнесс ўз жамоаси ўйини билан фахрланиши ва мадридликлар билан тенгма-тенг курашганини иддао қилиши бежиз эмасди. Дарҳақиқат, Германия вице-чемпионлари «Сантиаго Бернабеу»да йиғилган 80 мингдан ортиқ мухлисларни жуда кўп вазиятларда хавотирга солганди, аммо якунда 15 карра Чемпионлар Лигаси ғолиблари тажриба эвазига ғалабани илиб кетганди. Чоршанба оқшомида Францияда ўтказилган беллашувда эса «Реал»нинг бу ҳунари иш бермади. Мавсум аввалидан бери пишиб етилиб келаётган мағлубият ахири содир бўлди — «Лилл» шу йил январидан бери мағлубият нималигини билмай келаётган Европа қиролларини енга олди ва тан олиб айтиш керакки, буни ҳақли равишда бажарди.

Французларга қарши беллашувда «Реал» ҳужумида жуда кўплаб узилишлар кузатилди. Одатда, энг кам хато қилувчи Дани Карваҳал ҳам, майдон марказида рақибларга тинчлик бермайдиган Беллингҳем ҳам шу оқшомда ўзларига умуман ўхшамади. Жароҳати сабаб ушбу баҳсни ўтказиб юбориши кутилган, бироқ тахмин қилинганидан эртароқ қайдномага киритилган Мбаппенинг иккинчи бўлимда майдонга тушиб амалга оширган ҳаракатларини эса ортиқча танқид остига олишдан ўзимизни тиямиз. Жамоа бюджетини ғалаба орқали келиши мумкин бўлган қарийб 2,1 миллион евродан мосуво қилган ушбу мағлубият бутун кампанияни ҳал қилиб юборувчи муваффақиятсизлик бўлмаса-да, буёғига мадридликларни кутаётган қийин учрашувлар олдидан Анчелотти шогирдларига қўшимча босимга айланиб кетиши мумкин. Чемпионлар Лигасининг келгуси 3 турида «Реал»га «Боруссия» Дортмунд, «Ливерпул» ва «Милан» рақиблик қилади. Аксига олгандек, кетма-кет кутиб турган мана шундай баҳсларга «Қироллик клуби» «Барса»дан Ла Лигада 3 очко ортда бораётган ҳолида тайёрланишига тўғри келади.

«Лилл»га қарши беллашувда «Реал» барибир ўз вазиятларига эга бўлди. Буни xG — голлар кутилмасидан ҳам билиб олса бўлади. Айниқса, сўнгги дақиқалардаги штурм вақтида Антонио Рюдигер томонидан берилган икки зарба ва Арда Гулернинг вазиятлари испанларга умид бахш этгани аниқ. Бироқ шу куни французлар посбони Лукас Шевале жуда яхши ҳаракат қилди.

Учрашувнинг «Реал» мухлислари учун эътиборли бўлган яна бир жиҳати Эндрикнинг Чемпионлар Лигасида биринчи марта бошланғич таркибдан ўрин олиши бўлди. 18 ёшли ҳужумчи Мбаппенинг трансфери ортидан жамоада 2-рақамли ҳужумчи вазифасини ўтаяпти ва мана шу каби ўйинлар унинг учун франциялик рақобатчисининг ўрнини яхши тўлдира олиши мумкинлигини кўрсатиш учун имкониятдир. Бразилиялик йигитчанинг бошланғич таркибдаги ўйини жамоаси учун омадсиз кечди. Аммо у барибир «Реал» тарихида Чемпионлар Лигасини асосий таркибда бошлаган энг ёш футболчига айланди.

19-дақиқада айнан Эндрик тезлик билан жарима майдонига кириб бориб, зарба йўллашга эришди, аммо тўп тўғри Шевале турган позицияга борди. 57-дақиқада алмаштирилгунича у яна бир марта рақиб дарвозаси томон зарба бера олди, холос. Албатта, бу учрашув ёш ҳужумчи учун фожиа эмас, у «Штутгарт» ва «Реал Валядолид»га қарши беллашувларда захирадан ўйинга қўшилиб, гол уришга муваффақ бўлган ва нима сабабдан клуб уни 2022 йил декабридаёқ харид қилиб қўйганини кўрсатиб берганди.

Ушбу беллашувдаги яна бир эътиборли жиҳат — УЕФА Суперкубоги финали олдидан ўтказилган расмий машғулотда жароҳат олиб, 1,5 ой майдонга туша олмаган Эдуардо Камавинга таркибга қайтиши бўлди. «Реал»нинг мавсум аввалидаги дуранглари майдон марказида Камавинганинг йўқлиги билан ҳам боғланганди, бироқ у қайтиши билан клуби йил бошидан бери давом этиб келаётган мағлубиятсиз сериясини бой берди. Устига-устак, ягона голга сабаб бўлган пеналти ҳам Камавинганинг жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнагани учун белгиланди. Албатта, пеналти борасида баҳс бор ва у ҳамон давом этмоқда, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, эндигина сафга қайтган Эдуардонинг бу тахлит старт олиши унинг учун кутилмаган зарба бўлгани аниқ.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мағлубият сабаблари ҳақида гапирар экан, Анчелотти қуйидагиларни айтиб ўтди: «Биз боғламлар ҳосил қилишда оқсадик, агрессив ўйнашга уриндик ва бу бизга қимматга тушди. Хотиржамликни қўлдан бой бермаслигимиз ва шу билан бирга ривожланишимиз ҳам керак. Ҳаракатланиш тарзимизни ўстиришимиз лозим. Бу борада ҳар гал гапиришимдан фойда йўқ. Бу ўйинда биз олдинга эмас, орқага қадам ташлагандек кўриндик. Сўнгги маротаба дербида мағлуб бўлганимизда бу биз учун фантастик даражадаги огоҳлик қўнғироғи бўлганди. Бу гал ҳам шундай бўлишига умид қиламан».

Италиялик мутахассиснинг умидлари ўзини оқлайдими ёки йўқ, барчасини лиганинг мадридликлар билан бирга энг кўп гол урган 2-жамоаси (17 та) бўлиб турган «Вилярреал»га қарши шанба оқшомида кечадиган баҳсда кўрамиз.

The Athletic маълумотлари асосида Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Мавзуга оид