Жаҳон | 12:40 / 04.10.2024
3478
3 дақиқада ўқилади

Стокҳолмда муқобил Нобел мукофоти лауреатлари эълон қилинди

2024 йилги Right Livelihood Awards мукофоти совриндорлари орасида - табиатни муҳофаза қилиш ташаббуслари, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва зўравонликсиз қаршилик ҳимоячилари.

Жоан Карлинг Фото: Right Livelihood/dpa

Стокҳолмда 3 октябр, пайшанба куни муқобил Нобел мукофоти сифатида кўриладиган Right Livelihood Awards ғолиблари номи эълон қилинди. 2024 йилда улар: фаластинлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Исса Амро ва унинг Youth Against Settlements лойиҳаси; Филиппин туб аҳолиси ҳуқуқлари фаоли Жоан Карлинг; мозамбиклик табиатни муҳофаза қилувчи мутахассис Анабела Лемос ва унинг Justiça Ambiental! ташкилоти; Британиянинг Forensic Architecture тадқиқот лойиҳаси.

Бу йилги Right Livelihood Awards мукофоти ғолиблари «зўравонликсиз қаршилик ва ҳақиқатни излаш кучини қарор қабул қилишни маҳаллий ҳамжамиятлар қўлига топшириш орқали намойиш этадилар», деди Швеция пойтахтида Right Livelihood жамғармаси раҳбари Оле фон Икскюл.

«Дунёдаги зўравонлик, эксплуатация ва зулмга қарши бу йилги совриндорлар адолатли, тинч ва барқарор келажак сари йўлни кўрсатмоқда. Уларнинг фидойилиги барчамизни янада жасоратли бўлишга ундаши керак», — дея қўшимча қилди у.

Тинчлик бўйича Нобел мукофотига 280 дан ортиқ номзод илгари сурилди

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти учун 286 нафар номзод кўрсатилди, деб хабар беради Reuters. Улар орасида БМТнинг қочоқлар иши бўйича олий комиссари, Рим папаси Франциск ва британиялик натуралист Девит Аттенборо ҳам бор.

Агентлик томонидан экспертлар орасида ўтказилган сўровда, улар БМТнинг Фаластин қочоқлари иши бўйича агентлиги, БМТ Халқаро суди ва ташкилот бош котиби Антониу Гутерришни ҳам рўйхатга киритган. Шу билан бирга, экспертлар БМТнинг Фаластин қочоқлари иши бўйича агентликка мукофотнинг берилишини баҳсли деб атаган — айниқса, агентлик ходимларининг 2023 йил 7 октябрда Ҳамас томонидан Исроилга уюштирган ҳужумига алоқадорлиги ҳақида хабарлар тарқалган ҳозирги вазиятда.

Ўз навбатида колонияда вафот этган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навалний ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский номзодлари ҳам етакчилик қилмоқда. Reutersʼнинг ёзишича, Навалнийга мукофотни топширишнинг иложи йўқ, чунки у марҳумларга берилмайди. Зеленский бўлса, жанг қилаётган давлат раҳбари бўлгани учун номзодликдан чиқиб кетиши мумкин.

Мавзуга оид