Жаҳон | 12:20
4380
3 дақиқада ўқилади

Хабаровск театридаги ёнғиндан кейин мигрантлар қўлга олинди

Хабаровск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси Хабаровск мусиқали театрида содир бўлган ёнғин муносабати билан ноқонуний миграция ва эҳтиётсизлик фактлари бўйича текширув ўтказяпти.

Фото: ТАСС/Константин Андреев

Хабаровск мусиқали театрини деярли вайрон қилган кучли ёнғиндан сўнг Росгвардия СОБР кўмагида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Хабаровск ўлкаси бўйича бошқармаси, Россия Ички ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкаси бўйича ходимлари бинодаги таъмирлаш ишларида қатнашган мигрантларни қўлга олди. Бу ҳақда Хабаровск ўлкаси бўйича тергов қўмитаси 3 октябр, пайшанба куни эрталаб Telegramʼда маълум қилди.

Қайд этилишича, ёнғин муносабати билан Россия Тергов қўмитасининг Хабаровск ўлкаси бўйича Тергов бошқармасининг Ўта муҳим ишларни тергов қилиш биринчи бўлими қурилиш ва бошқа ишлар пайтида хавфсизлик қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Хабар эълон қилинган пайтда ўт ўчирувчилар очиқ оловни бартараф этишган.

Аввалроқ Хабаровск ўлкаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Хабаровск мусиқали театрида 3 октябр куни содир бўлган ёнғин 4000 квадрат метр майдонни қамраб олгани ҳақида хабар берган эди.

«Бинодаги ёнғинни ўчириш чоғида тўртта газ баллони портлаб кетган, ёнғин бинонинг қопламасини йўқ қилган, бинонинг ички конструкциялари ва бир қисмининг томи ва ташқи девори қулаган», — дейилади вазирлик хабарида.

Россияни бир йил ичида 2 млндан ортиқ мигрант тарк этди

Расмий идораларнинг хабарларига кўра, ўтган йил давомида 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари Россияни тарк этган. 18 сентябр куни Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси маълум қилишича, айни пайтда мамлакатда 6,17 миллион хорижий фуқаро рўйхатга олинган.

«Жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, миграция рўйхатидан ўтиш давлат ахборот тизимида маълумотлари мавжуд, Россияда бўлган чет эл фуқаролари сони 6 миллион 174 минг 777 нафарни ташкил қилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, бутун 2023 йил давомида Россия Федерациясида 8,5 миллиондан ортиқ киши миграция учун рўйхатдан ўтган, деди июн ойи охирида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова. «Асосан, МДҲга аъзо давлатларнинг фуқаролари мамлакатимизда ишлаяпти. 2023 йилда ҳудудимизга 9 миллион 973 минг 338 киши кириб келган. Улардан 8 миллион 507 минг 906 нафари миграция учун рўйхатга олинган», — деди Москалкова.

Мавзуга оид