Жаҳон | 13:10 / 12.10.2024
2095
4 дақиқада ўқилади

Шолц ва Зеленский Берлинда учрашди

Олаф Шолц Берлинда Володимир Зеленский билан учрашув олдидан Киевга Германия ва бошқа иттифоқчилардан янги ҳарбий ёрдам пакети йил охиригача ажратилишини айтди.

Фото: Ebrahim Noroozi/ASSOCIATED PRESS/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц 11 октябр, жума куни Украинага Ғарб ҳамкорлари томонидан ваъда қилинган 1,4 миллиард евро миқдоридаги кенг кўламли ҳарбий ёрдам ҳақида эслатди. «Германия Украина томонида қатъий туришда давом этмоқда», деди Шолц Берлинда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув олдидан.

Янги ёрдам пакети ҳаво мудофаа тизимлари, артиллерия ва дронларни ўз ичига олади, деди федерал канцлер. Унинг сўзларига кўра, Украинага қўшимча ёрдам бериш Россия президенти Владимир Путин учун муҳим «сигнал» бўлиши керак. «Вақтга ўйнаш иш бермайди, биз Украинани қўллаб-қувватлашимизни сусайтирмаймиз», деди Германия ҳукумати раҳбари. Ушбу ёрдам Европа Иттифоқининг Москвага қарши уруш бошлагани учун санкциялари доирасида музлатилган Россия активларидан тушган маблағдан Еврокомиссия томонидан молиялаштирилади.

Шолц, шунингдек, Россия Украинанинг навбатдаги «тинчлик саммитида» иштирок этиши кераклиги ҳақидаги фикрга қўшилди. Шу билан бирга, у Украинада тинчлик «фақат халқаро ҳуқуқ асосида» амалга оширилиши мумкинлигини ва Германия «Россия томонидан белгилаб қўйилган тинчлик шартларини қабул қилмаслигини» таъкидлади.

Зеленский Лондонда Стармер ва Рютте билан учрашди

Украина президенти Володимир Зеленский Лондонга ташриф буюрди. 10 октябр куни у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте билан учрашди. Маслаҳатлашувлар давомида Зеленскийнинг Россия Федерацияси билан урушда Украина учун «ғалаба режаси» муҳокама қилинди, деди Стармер.

Биринчи учрашув Буюк Британия бош вазирининг Даунинг-стритдаги расмий қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда Стармер ва Зеленскийдан ташқари Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили, Бош штаб бошлиғи Тони Радакин ва Стармернинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Тим Барроу иштирок этди. «Украинани қўллаб-қувватлашга қатъий содиқлигимизни намойиш этиш муҳим», деди Британия бош вазири. Унинг сўзларига кўра, Зеленский билан Лондондаги музокаралар Украина ғалабаси режасини батафсил кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш имконини берди.

Рютте Трамп ҳақида ташвишланмасликка чақирди

Иккинчи йиғилишда 1 октябр куни Йенс Столтенберг ўрнига НАТО раҳбари этиб тайинланган Марк Рютте иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, энди гап нафақат Украинага ёрдам бериш, балки «Ғарбни ҳимоя қилиш ва хавфсизликни қандай сақлаш» ҳақида ҳам бормоқда. Шу билан бирга, мудофаа алянсининг янги раҳбари АҚШда Доналд Трампнинг янги президентлик муддати бошланган тақдирда ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга таҳдид юзага келишини кутмаётганини билдирди. Лондонда Зеленский ва Стармер билан бўлиб ўтган музокарадан сўнг у журналистларга «Трамп президентлиги ҳақида қайғуришни бас қилинг» деди.

Рютте бўлажак президентлик сайловларида республикачилардан номзодни яхши билишини таъкидлади. «Биламан, у Украинадаги бу уруш нафақат Украинага, балки Америка Қўшма Штатларининг хавфсизлиги ва келажакдаги хавфсизлиги билан боғлиқ эканини мутлақо тушунади», — деди Нидерландиянинг собиқ бош вазири. У, шунингдек, АҚШ Конгрессидаги ҳар икки партия Украина билан бирдам эканига ишора қилди.

Мавзуга оид