Жаҳон | 14:40 / 15.10.2024
2472
3 дақиқада ўқилади

ГФР ва яна уч давлат Ливандаги БМТ аскарларига таҳдидни қоралади

Германия, Буюк Британия, Италия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасидаги жанглар оқибатида Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига юзага келаётган таҳдидни қоралади. Аввалроқ беш нафар тинчликпарвар аскар яралангани хабар қилинганди.

Фото: picture alliance / Xinhua News Agency

Германия, Буюк Британия, Италия ва Франция ташқи ишлар вазирлари 14 октябр, душанба куни Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўртасидаги жанглар оқибатида Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига юзага келаётган таҳдидни қоралади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари (UNIFIL) ходимларига қилинган ҳар қандай ҳужум «халқаро ҳуқуқни бузади», дейилади Анналена Бербок, Девид Ламми, Антонио Таяни ва Жан-Ноэл Барро қўшма баёнотида. Ташқи ишлар вазирлари «Исроил ва барча томонларни ҳар доим UNIFIL ходимлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга», шунингдек, БМТ кучларига «ўз мандатларини бажаришда давом этишларига имкон яратишга» чақирди, деб хабар беради AFP.

13 октябр куни Исроил мудофаа кучларининг (ЦАҲАЛ) Ливандаги БМТ тинчликпарвар кучларига ҳужуми Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел томонидан қораланган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, бундай ҳужумлар «ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин».

14 октябр куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши «Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) томонидан Ливандаги UNIFIL бир нечта объектлари ўққа тутилганидан «жиддий хавотир» билдирди, деб хабар беради AFP. Ҳозирда Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаётган Швейцария вакилининг қайд этишича, натижада бир неча тинчликпарварлар жароҳатланган.

Нетаняҳу Ливандан тинчликпарвар кучларни олиб чиқишга чақирди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ бош котиби Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Ливан жанубидан UNIFIL тинчликпарвар кучларини «зудлик билан» олиб чиқишни сўради. Тегишли видеомурожаат 13 октябр куни исроиллик сиёсатчининг ижтимоий тармоқларида эълон қилинди.

Нетаняҳунинг фикрича, тинчликпарвар кучларни эвакуация қилишдан бош тортиб, БМТ уларни «Ҳизбуллоҳ» ташкилотининг «гаровига» айлантирмоқда. «Бу уларни ҳам, аскарларимиз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди», дея қўшимча қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид