АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан кенг кўламли урушни якунлаш бўйича келишувга йўл очиш мақсадида Исроилдан Ливандаги ҳужумларини тўхтатишни талаб қилиб келмоқда. Ҳатто ўтган ҳафтадаги телефон мулоқоти чоғида у бош вазир Бинямин Нетаняҳуни ҳақоратли сўзлар билан қаттиқ койиган. Шунга қарамай, Исроил якшанба куни эрта тонгда — Ливанда сулҳ режаси эълон қилинганидан бери илк бор Байрут ҳудудига зарбалар берди.

2026-06-08 09.06.49

7 июн куни Эрон бунга жавобан Исроилдаги объектларга қарата бир гуруҳ ракеталар учирди. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Назарет яқинидаги Рамат-Давид авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса Эрондан учирилган ракеталар аниқлангани ва уларни ҳаво мудофаа тизимлари уриб туширганини билдирди.

Аммо, тармоқларда Эроннинг бир неча ракетаси Исроил ҳудудига тушгани, уни Темир гумбаз тутиб қололмагани акс этган видеолар тарқалди.

Эроннинг тинчлик музокараларидаги бош вакили, парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг таъкидлашича, АҚШ базалари ва Исроил активлари – душманлик ҳаракатлари, жумладан, «Ливан бўйича келишувларнинг бузилиши» сабабли қонуний нишонлар ҳисобланади.

Якшанба кунига қадар, апрель ойида кенг кўламли урушда ўт очишни тўхтатиш режими бошланганидан бери Эрон Исроилга ҳужум қилмаган эди, гарчи «Хизбуллоҳ» буни амалга оширган бўлса ҳам.

2026-06-08 09.07.03

Бир неча соат ўтгач, Исроил мудофаа кучлари Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди. Муҳофизлар корпусига кўра, Исроил Эрон ичкарисидаги объектларга ҳавода учириладиган баллистик ракеталар ёрдамида ҳужум уюштирган.

Трамп: «Ҳаммаси жойида»

Axios нашрига кўра, Трамп ва Нетаняҳу якшанба куни телефонда ярим соатга яқин гаплашган. Нашр иқтибос келтирган АҚШ расмийсининг сўзларига кўра, Трамп мулоқот чоғида Нетаняҳуга навбатдаги зарбалардан тийилишни айтган, чунки «биз келишув борасида яхши бир натижага эришишга яқинмиз».