Apple келажак ақлли уйларини яратишга киришди: у қандай бўлади?
Apple узоқ вақт давомида ақлли уйлар бозорида бир четда туриб, рақобатчилари Amazon ва Google’дан ортда қолаётганди. Аммо ҳозирда компания ўз стратегиясини ўзгартирмоқда.

Фото: Shutterstock
Асосий эътибор янги маҳсулот — homeOS орқали гаджетларни тўлиқ интеграциялашга қаратилмоқда. Бу Apple’нинг барча уй қурилмалари ва хизматлари узлуксиз ўзаро алоқада бўлишини таъминлайди.
Бундан ташқари, яқин йилларда Apple уйларга ақлли экранларни жорий этишни режалаштирмоқда. Улар ёритиш тизими, видеокузатув ёки мусиқа қўйиш сингари барча уланган гаджетларни бошқаришга ёрдам беради. Интерактив дисплейлар нафақат бошқарув марказига эга бўлади, балки видео қўнғироқларни амалга ошириш, интернетда “ўтириш” ва иловаларни бошқариш платформасига айланади.
Apple инновациялари сунъий интеллект интеграциясисиз амалга оширилмайди. AI янги экотизимнинг асосий қисмига айланади. Apple Intelligence платформаси туфайли қурилмалар фойдаланувчининг истаклари ва эҳтиёжларини олдиндан билиш имкониятига эга бўлади. Мисол учун, тизим оила аъзоларини таниб, ҳар бир киши учун алоҳида созламаларни мослаштиради: хонадаги ёруғлик даражаси ва ҳарорат сингари.
Компаниянинг яна бир янгилиги — Matter стандартини қўллаб-қувватлаши. Бу Apple маҳсулотларига нафақат ўз экотизимида, балки бошқа брендларнинг қурилмалари билан ҳам ишлаш имконини беради. Мазкур ечим фойдаланувчилар ҳаётини сезиларли даражада осонлаштиради, чунки ҳар хил компанияларнинг ақлли технологияларидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади.
Бундан ташқари, Apple ишлаб чиқарувчилари технологияни янада арзон ва рақобатбардош қилиш учун янги AR қурилмаси устида фаол ишламоқда. Компания келгуси йилда Vision Pro’нинг соддалаштирилган версиясини чиқаришни режалаштирмоқда. Янги модел тахминан 2 000 доллар туради. Apple нархларни пасайтириш мақсадида қуввати камроқ процессор ва арзонроқ материаллардан фойдаланмоқчи. Бундан ташқари, унда EyeSight — фойдаланувчининг кўзларини кўзойнак ташқарисидан кўриш функцияси бўлмайди, бу ҳам ишлаб чиқариш харажатларини камайтиради.