Жаҳон | 09:40 / 17.10.2024
1562
4 дақиқада ўқилади

Шолц: Германия Исроилга қурол етказиб беришда давом этади

Канцлер Исроилга бирдамлик ҳақида маълум қилди, у, жумладан, Германия томони «мамлакатни ҳимоя қилиш имкониятини тақдим этиши»ни ўз ичига олади.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц амалдаги федерал ҳукуматнинг Исроилга Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳларига қарши курашда ёрдам бериш учун уни қурол-яроғ билан таъминлашни давом эттиришга тайёрлиги бўйича шубҳаларни рад этди. «Етказиб бериш амалга оширилди ва келажакда ҳам амалга оширилади», деди Шолц 16 октябр, чоршанба куни Бундестагда. «Исроил ҳозир ва келажакда бизнинг бирдамлигимизга ишониши мумкин», деб ишонтирди Германия ҳукумати раҳбари ва бу бирдамлик «Исроилга ўз мамлакатини ҳимоя қилиш қобилиятини сақлаб қолиш»ни ҳам ўз ичига олишини айтиб ўтди.

Олаф Шолц инсонпарварлик ёрдами Ғазо секторига бемалол кириб келиши ва «халқаро қонунларга доимо риоя қилиш» кераклигини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, «фаластинликлар билан можарони икки давлат асосида ҳал қилишга олиб келадиган» истиқболни ишлаб чиқиш керак. Бундан ташқари, Шолц гаровга олинганларни озод қилишга олиб келадиган сулҳ муҳимлигини таъкидлаб, бу масала бўйича Берлинга 18 октябрга ташрифи режалаштирилган АҚШ президенти Жо Байденнинг таклифларини келтириб ўтди.

Шунингдек, Шолц Эронни Исроилга ракеталар билан ҳужум қилишни тўхтатишга чақирди. «Минтақада бундан кейин беқарорликка йўл қўймаслик керак, Эрон эса ўт билан ўйнамоқда. Буни тўхтатиш керак», — дейди Шолц.

ОАВ: Исроил Эроннинг ядровий иншоотларига зарба бермайди

Исроил Эронга жавоб зарбаси беришда ядровий ёки нефт эмас, балки Ислом Республикасининг ҳарбий объектларини нишонга олади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Жо Байденга маълум қилди, деб ёзди The Washington Post 15 октябрга ўтар кечаси. Афтидан, гап икки етакчи ўртасида 9 октябр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти ҳақида кетмоқда.

Исроилнинг фақат Эрон ҳарбий объектларига ҳужум қилиш режаси Вашингтонда «енгиллик» билан кутиб олинди, деб ёзади WP. Нашрнинг қайд этишича, таҳлилчилар Эрон нефт обектларига ҳужум дунёда энергия нархининг ошишига, ядровий иншоотларга ҳужум эса янада кескинлашувга олиб келиши ва Қўшма Штатларни можарога тортиши мумкинлигидан хавфсираган. Байден аввалроқ Исроилни «бошқа вариантлар ҳақида ўйлашга» чақирган эди.

The Washington Post нашрига кўра, Нетаняҳу ҳозир эгаллаган «нисбатан вазмин позиция» АҚШ президентининг Яқин Шарқдаги иттифоқдошига THAAD ракетага қарши кучли мудофаа тизимини юбориш қарорига таъсир кўрсатди. Пентагон 13 октябр куни Исроилда THAAD батареяси жойлаштирилишини маълум қилди.

Вашингтондаги манбанинг WP нашрига айтишича, Исроилнинг Эронга зарбаси АҚШда 5 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан амалга оширилиши керак. Агар Исроил ўз ҳудудининг оммавий ўққа тутилишига жавоб бермаса, Теҳрон буни заифлик белгиси сифатида талқин қилиши мумкин, деб ёзади газета. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар билан маслаҳатлашувлар натижасида Исроил «яқин ҳафталарда» Ливандаги операциясини тўхтатишини эълон қилди, деб ёзади газета.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид