Жаҳон | 22:57 / 22.10.2024
8973
3 дақиқада ўқилади

Исроил Байрутдаги шифохона остида миллионлаб доллар бўлган бункер топди

Бункер «Ҳизбуллоҳ» шиа гуруҳининг марҳум етакчиси Ҳасан Насруллоҳга тегишли экани таъкидланмоқда.

Фото: Getty Images

Исроил мудофаа кучлари (IDF) Ливан пойтахти Байрутда «Ҳизбуллоҳ» шиа гуруҳининг марҳум етакчиси Ҳасан Насруллоҳ бункерини топди, унда юзлаб миллион доллар ва олтин қуймалари сақланган. Бу ҳақда IDF расмий вакили Даниел Ҳагарий маълум қилди, деб хабар берди Euronews.

Ҳагарий сўзларига кўра, узоқ муддат яшаш учун мослаштирилган, мустаҳкамланган хоналар Ливан пойтахти жанубидаги шифохоналардан бири биноси остида жойлашган.

IDF вакили, шунингдек, Теҳрон «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига маблағ ўтказиш учун Байрутдаги Эрон элчихонасига самолёт орқали пул юборганини айтди.

«Ҳизбуллоҳ»нинг молиявий тузилмаси иккита асосий даромад манбасига асосланади: Эрон режимидан пул ва Ливан халқидан пул. Эроннинг «Ал-Қудс» кучлари Эроннинг Сурияда сотилган нефтидан «Ҳизбуллоҳ»га пул ўтказади. Эрон ҳам нақд пул ва олтин солинган жомадонларни самолёт орқали жўнатади. Пуллар Эроннинг Байрутдаги элчихонасига, кейин эса «Ҳизбуллоҳ»га кетади», деди Ҳагарий.

Унинг қайд этишича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бункер топилган шифохонага ҳозирча ҳужум қилиш ниятида эмас. Бироқ, 20 октябр куни Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ»нинг молиявий объектларига яқинлашиб келаётган ҳужумлар тўлқинини эълон қилган эди.

21 октябр куни Исроил қуролли кучлари Байрут жанубидаги «Қард ал-Ҳасан» ширкатига қарашли биноларга ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Исроил армияси компания «Ҳизбуллоҳ»нинг террористик амалиётларини молиялаштирганини айтди.

Ўз навбатида «Саҳел» клиникаси директори Фади Аламеҳ Исроилни туҳматда айблади ва Ливан армиясини шифохона ҳудудига кириб, у ерда фақат беморлар жойлашган операция хоналари ва ўликхона жойлашганини тасдиқлашга чақирди, деб хабар берди Reuters. Агентлик Ҳагарийнинг Исроил разведкаси бир неча йил давомида тегишли маълумотларни тўплагани ҳақидаги сўзларини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Мавзуга оид