Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Атмосферадаги метан чиқиндилари: улар аслида қаердан келиб чиқади?
Шу пайтгача саноатлаштириш ва қазиб олинадиган ёқилғилар метан чиқиндиларининг асосий сабабчиси сифатида кўриларди. Аммо янги тадқиқотлар буни рад этди.
Атмосферага ажралиб чиқадиган метан чиқиндилари миқдорининг сўнгги вақтлардаги кескин кўпайиши, илгари тахмин қилинганидек, қазиб олинадиган ёқилғларга эмас, балки атроф-муҳитдаги микробларга боғлиқ. Боулдердаги Колорадо университет олимлари ва уларнинг ҳамкорлари томонидан амалга оширилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқда. Натижалар октябр ойида Proceedings of the National Academy of Sciences журналида эълон қилинди.
“Метан манбаларини тушуниш бизга унинг чиқиндиларини камайтириш бўйича самарали стратегияларни ишлаб чиқишда ёрдам беради”, — деди Арктика ва алп тадқиқотлари институти (INSTAAR) етакчи илмий ходими, Колорадо университетининг атмосфера ва океан фанлари кафедраси аспиранти Силвия Мишел. “Иқлим келажагини яхшироқ тасаввур қилиш учун бу ажралмалар ҳақида кўпроқ билишимиз керак”.
Метан иссиқхона газларидан бири бўлиб, у глобал саноатлашув бошланганидан бери кузатилган глобал исишнинг учдан бир қисми учун жавобгар. Атмосферадаги метаннинг концентрацияси карбонат ангидридга қараганда анча паст, аммо у иссиқликни 30 баравар самаралироқ ушлаб туради, шунинг учун метан чиқиндиларини камайтириш иқлим ўзгаришига қарши курашнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
“1700 йиллардан бери ҳаводаги метан концентрацияси деярли уч бараварга ошган”, — деб таъкидлади тадқиқот ҳаммуаллифи, атмосфера ва океан фанлари кафедраси доценти Цзянянян Ли. Бироқ атмосферада минг йиллаб сақланиб қолиши мумкин бўлган CО2 дан фарқли ўлароқ, метан ўн йил ичида парчаланади. Бу эса метаннинг камайиши глобал исиш суръатини секинлаштиришда алоҳида самарадорликка эга эканини кўрсатади.
Тадқиқотларга кўра, қазиб олинадиган ёқилғини ишлаб чиқариш глобал метан чиқиндиларининг тахминан 30 фоизини, ботқоқликлар, қишлоқ хўжалиги ва чиқиндихоналар каби микробли манбалар эса 50 фоиздан ортиғини ташкил қилади. NOAA (Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси) қошидаги Глобал мониторинг лабораторияси мутахассислари бу чиқиндиларнинг манбаларини аниқлаш учун бутун дунё бўйлаб ҳаво намуналарини таҳлил қилмоқда.
Олимлар компютер моделлари ёрдамида атмосферага чиқинди ажралишининг учта сценарийсини таҳлил қилди, бу микробли манбалардан келиб чиқадиган метанга хос углерод-13 изотопининг камайиши қайси сценарийга мос келишини аниқлаш учун керак эди. Маълум бўлишича, 2020 йилдан 2022 йилгача атмосферадаги метан даражасининг ўсиши деярли тўлиқ микроблар туфайли юз берган ва уларнинг ҳиссаси 90 фоиздан ортиқни ташкил этган.
Ушбу микробли ажралмаларнинг аниқ манбалари ҳозирча номаълум: улар ҳам табиий (масалан, ботқоқлик), ҳам инсон омили билан боғлиқ бўлиши мумкин (қишлоқ хўжалиги, чиқиндихоналар). Олимлар метаннинг айнан қаердан келиб чиқишини аниқлаш учун давомий изланишлар ўтказишни режалаштирмоқда.
“Глобал исиш шароитида микроб манбаларининг фаоллашиши ажабланарли эмас”, — дейди Мишел. “Микроблар, одамлар каби, иссиқ ҳароратда фаоллашади, бу эса метан ажралиб чиқишига ҳисса қўшиши ва глобал исишни тезлаштириши мумкин. Айнан шунинг учун нафақат метан муаммосини ҳал қилиш, балки карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш жуда муҳим”.
Мавзуга оид
10:18 / 15.03.2026
15 март куни метан заправкалар олти соат ишлайди
11:15 / 10.03.2026
Метан заправкалар фаолиятига яна чеклов киритилади
13:11 / 07.03.2026
Қашқадарёда кўчада турган Damas портлаб кетди
00:18 / 09.02.2026