Жаҳон | 15:50 / 24.10.2024
2100
2 дақиқада ўқилади

АҚШ РФнинг Молдовадаги сайловлар 2-турига аралашувидан хавотирда

Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россия молдоваликларнинг 3 ноябр куни ўз етакчиларини танлаш бўйича суверен ҳуқуқидан фойдаланишига тўсқинлик қилишга уринаётганидан хавотирда.

Фото: Вадим Денисов/ТАСС

Қўшма Штатлар Россия молдоваликларнинг ўз раҳбарларини танлашдаги суверен ҳуқуқидан фойдаланишига яна тўсқинлик қилишга уриниб кўришидан хавотирда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Молдовада президентлик сайловларининг иккинчи босқичи арафасида маълум қилди. Унинг 22 октябр, сешанба куни айтган сўзларини Давлат департаменти матбуот хизмати келтирди.

«Россия Молдовада сайловлар ва референдумни бузиш ва демократияга путур етказиш учун ҳамма нарсани қилди, шу жумладан ноқонуний молиялаштириш ва овозларни сотиб олиш, дезинформация ва зарарли киберҳужумлар орқали», деди Америка дипломатияси раҳбари бу мамлакатда 20 октябрда бўлиб ўтган овоз бериш ҳақида. Ўша куни президентлик сайловлари ва Кишинёвнинг Европа интеграцияси йўналишини конституциявий мустаҳкамлаш бўйича референдум ўтказилди.

Молдовада сайловларда овозларини «сотган» фуқаролар жаримага тортилди

20 октябр куни президентлик сайловлари, шунингдек, конституцияда Европа Иттифоқига қўшилиш мақсадини мустаҳкамлаб қўйиш зарурлиги бўйича референдум бўлиб ўтган Молдовада 23 октябр кунига қадар Коррупцияга қарши кураш миллий маркази полициядан «пассив сайлов коррупцияси» ҳолатлари ҳақида 350 та хабар олди. Департамент сайтида хабар қилинганидек, ушбу қоидабузарлик муносабати билан жами 1 миллион лейга яқин (конвертация қилинганда: 52 000 евро) жарима солинган.

Қайд этилишича, Молдова қонунчилигида «пассив сайлов порахўрлиги»га «сайловчи томонидан ҳар қандай шаклда товарлар, хизматлар ёки имтиёзларни шахсан ёки воситачи орқали талаб қилиш, қабул қилиш ёки олиш шаклидаги ҳуқуқбузарлик» сифатида қаралади. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима 25 минг лейдан 37 500 лей (1299 — 1949 евро)гача бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид