Жаҳон | 12:30 / 26.10.2024
2623
2 дақиқада ўқилади

Исроил: «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати жуда заифлашди

«Ҳизбуллоҳ»нинг қўмондонлик тузилмаси деярли йўқ қилинди, деди Исроил армияси Бош штаб бошлиғи Ҳалеви. Унинг сўзларига кўра, энди ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш имконияти мавжуд.

Фото: Bilal Hussein/AP/picture alliance

Исроил армияси Ливанда қуруқликдаги операция бошланганидан уч ҳафта ўтиб, эронпараст «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати анча заифлашган деган хулосага келди. «Биз «Ҳизбуллоҳ»нинг қўмондонлик тузилмасини бутунлай йўқ қилдик, энди жангларни тўхтатиш мумкин», деди Исроил армияси бош штаби бошлиғи Херци Ҳалеви 24 октябр, пайшанба куни кечқурун.

Сентябр ойи охиридан бери Исроил қуролли кучлари Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» объектларига ердан ва ҳаводан зарбалар бермоқда. Улар бир йилдан бери «Ҳизбуллоҳ»нинг Ғазо секторидаги Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати жангчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроил ҳудудига тинимсиз ракета ҳужумлари уюштираётганига муносабат билдирмоқда.

Исроилнинг Ливандаги амалиёти давомида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва унинг вориси Ҳошим ад-Дин ва бошқалар ўлдирилган.

«Ҳизбуллоҳ» Нетаняҳу қароргоҳига ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати 19 октябрда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Кесариядаги қароргоҳига учувчисиз учоқ ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Бу ҳақда ташкилот вакили Муҳаммад Афиф Байрутдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

«Қаршилик ҳаракати Кесариядаги операция ва ҳарбий жиноятчи Нетаняҳу уйига қилинган ҳужум учун тўлиқ ва мутлақ жавобгарликни ўз зиммасига олади», деди у Байрутдаги матбуот анжуманида.

Аввалроқ канцелярия ҳукумат раҳбари қароргоҳига дрон билан ҳужум қилингани фактини тасдиқлаган эди.

Исроилнинг Kan жамоат телеканали маълумотларига кўра, дрон бош вазирнинг ётоқхонаси ойнасига келиб урилган.

Мавзуга оид