Фан-техника | 00:21 / 26.10.2024
7089
2 дақиқада ўқилади

Nvidia Appleʼни ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат компанияга айланди

Сунъий интеллект асосида ишлайдиган компютерлар учун процессорлар ишлаб чиқарувчи Nvidia акцияларининг бозор қиймати қисқа вақт ичида 3,53 триллион долларга етди.

Фото: Reuters

Акциялари қиймати рекорд даражада ўсган Nvidia компанияси Apple ўрнига дунёдаги энг қиммат компанияга айланди, деб хабар беради Reuters. Nvidia’нинг сунъий интеллектга ихтисослашган чипларига бўлган талаб ортиб кетган.

LSEG маълумотларига кўра, Nvidia акцияларининг бозор қиймати қисқа вақт ичида 3,53 триллион долларга етган, бу Appleʼникидан бироз юқори — унинг қиймати 3,52 триллион долларга баҳоланмоқда.

Июн ойида ҳам Nvidia Microsoft ва Appleʼни ортда қолдириб, қисқа муддатга дунёдаги энг қиммат компанияга айланган эди. Технологик учликнинг бозор капитализацияси бир неча ойдан бери бир-бирига жуда яқин.

Хусусан, Microsoftʼнинг бозор қиймати 3,2 триллион долларга етган, акциялари нархи эса 1,3 фоизга қимматлашган.

Кремний водийсидаги микросхемалар ишлаб чиқарувчи компания сунъий интеллект асосида ишлайдиган ҳисоблаш процессорларининг асосий етказиб берувчи ҳисобланади. 1990 йилларда видеоўйинлар учун процессорлар яратиш билан шуғулланган компаниянинг акциялари қиймати октябр ойининг ўзида 18 фоизга ўсган.

Аввалроқ Intel компанияси ярим асрдан ошадиган тарихидаги энг йирик инқирозни бошдан ўтказаётгани тўғрисида хабар берилганди. Охирги бир йилнинг ўзида унинг акциялари тахминан икки баробарга арзонлашган. Ҳозирда компаниянинг бозор қиймати 90 миллиард долларга баҳоланмоқда, 2020 йилда эса 290 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган эди.

Мавзуга оид