Ўзбекистон | 15:20 / 26.10.2024
7492
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистоннинг BRICS'га аъзо бўлиши кун тартибида эмас» – Содиқ Сафоев

Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўз ниҳоясига етди. Сўнгги давра суҳбати Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати хусусида бўлди. Унда қатнашганлар Афғонистон, Украина уруши, минтақавий ҳамкорлик, Яқин Шарқдаги воқеалар, дипломатик мулоқот ва бошқа шу каби мавзуларда суҳбатлашди. Kun.uz журналисти сессиядан материал тайёрлади. 

Бу сессияни CNN телеканалининг Лондондаги офиси журналисти Салма Абделазиз олиб борди. Аввало модератор Ўзбекистоннинг ёнида Афғонистондаги вазият, қисматдош давлати Украинадаги уруш ҳамда шундан келиб чиқиб Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати қандай бўлиши хусусида сўради. Сенат раисининг биринчи ўринбосари бугунги Ўзбекистон дунёга очиқлигини гапирди. Чегара масалалари бўйича Тошкент қўшнилари билан муроса ва ечимни топа олганини қўшимча қилди. 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев эса расмий Тошкент дунё бўйлаб ҳамкорлари сонини кўпайтираётганини таъкидлади. Биз ҳаттоки, Африка давлатлари билан яқин мулоқотни йўлга қўйганмиз, дейди вазир ўринбосари. Бундан ташқари, Яқин Шарқ минтақаси билан диалог ўзгарган. Яқин йилларгача бу минтақа билан фақат дипломатик алоқалар миқёсида мулоқот билан чекланилган, ҳозир эса иқтисодий муҳим келишувларга эришяпмиз, дейди сессия қатнашчилари. 

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев эса Тошкент Афғонистонга ёрдамни узмаслиги, лойиҳалар давом этиши, бу борада республика узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши тамойили билан ишлашини маълум қилди.

Сафоев Kun.uz журналистининг BRICS'га аъзолик ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Ўзбекистонда бу масала кун тартибида эмаслигини маълум қилди. Ҳозирча бу ҳақида гап-сўз йўқ, ягона валюта ҳақида ҳам гапиришга эрта, дейди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакилидан эса Қўштепа канали хусусида сўрадик. Иргашевга кўра, бу мавзуда «Толибон» билан қарама-қаршиликка борилмайди. 

Қўштепа каналидан фойдаланишга афғон халқининг ҳам ҳаққи бор, бу хусусида орамизда бирор масала йўқ. Масала қайси давлат қанча фойдаланиши ва дарёнинг қуриб боришини инобатга олган ҳолда ундан фойдаланиш квотасида, дейди Иргашев. 

Тадбирда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар расмийлари, сайловни кузатишга келган кузатувчилар ҳам қатнашди. 

Мавзуга оид