Жаҳон | 13:10 / 28.10.2024
1779
3 дақиқада ўқилади

ГФР канцлери — Ҳиндистонга қуроллар экспортини ошириш тарафдори

Германия Ҳиндистоннинг Россия таъминотига қарамлигини камайтириш учун қуроллар харид қилиш муқобил имкониятларини яратмоқчи.

Фото: Bild

Германия канцлери Олаф Шолц ҳуқуқ ҳимоячиларининг ушбу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати ҳамда Ҳиндистоннинг ядровий давлатлар Покистон ва Хитой билан зиддиятлари ҳақидаги танқидларига қарамай, Германиядан Ҳиндистонга қурол етказиб бериш ҳажмини ошириш ниятида, деб ёзади dpa агентлиги 27 октябр, якшанба куни.

Бир кун аввал Германия ҳукумати раҳбари Ҳиндистонга уч кунлик ташрифини якунлади. Унинг натижаларига кўра, Шолц «Ҳиндистон билан қурол-яроғ соҳасида ҳамкорлик келажакда янада муҳимроқ рол ўйнашини таъкидлади». У мамлакатга немис қуролларини етказиб беришни кенгайтириш ниятини «прагматик сиёсат» ва ядровий давлатнинг «суверенитети ва мустақиллигини» мустаҳкамлаш истаги билан изоҳлади.

26 октябр куни Шолц Германия ҳарбий-денгиз кучларининг Frankfurt am Main таъминот кемасида хизмат қилувчи денгизчилар билан учрашди, у ҳозирда Ҳиндистон-Тинч океани минтақасида, Baden-Württemberg фрегати билан бирга бўлиб турибди.

ГФР канцлери Туркияга қурол етказишни давом эттириш тарафдори эканини айтди

Германия канцлери Олаф Шолц ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркияга Европа қуролларини етказиб беришни давом эттириш тарафдори. Бу ҳақда улар 19 октябр куни Истанбулда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилишди.

«Туркия НАТО аъзоси ва шунинг учун биз аниқ етказиб беришга олиб келадиган қарорлар қабул қилишда давом этамиз», дея dpa агентлиги Шолцнинг сўзларини келтирган. Эрдўған, шунингдек, Анқаранинг Европа қуролларини харид қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. «Биз ниҳоят мудофаа маҳсулотларини харид қилишда дуч келган муаммоларни ортда қолдириб, ҳамкорликни кенгайтирмоқчимиз», деди Туркия раҳбари.

Хусусан, гап Туркия қабул қилишни кутаётган Европада ишлаб чиқарилган Eurofighter қирувчи самолётларига тегишли. Таъкидланганидек, Германия ҳам самолётлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади, шунинг учун уларни етказиб бериш учун унинг раҳбарияти розилиги талаб қилинади. Шолц Буюк Британиянинг Анқара билан бу борада музокаралар олиб бораётганини билдирди. Айни пайтда Европа давлатларидан ташқари, Eurofighter Қатар, Қувайт, Саудия Арабистони ва Уммон армияларида фойдаланилмоқда.

2019 йилда турк қўшинлари Сурия шимолига ҳужум бошлаганида Германиядан Туркияга қурол етказиб бериш сезиларли даражада камайди. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли у ерга қурол экспорт қилиш мақбуллиги ҳақидаги баҳслар ҳам давом этмоқда. Бироқ, Der Spiegel журнали хабар қилганидек, 2024 йил сентябр ойида Туркияга камида 236 миллион евролик немис қуроллари, жумладан, зенитли ракеталар ва торпедалар экспорти маъқулланган.

Мавзуга оид