Жаҳон | 17:13 / 30.10.2024
4573
2 дақиқада ўқилади

BMW, Mercedes, Porsche ва бошқа немис компанияларида умуммиллий иш ташлаш бошланди

Германиядаги бизнес истиқболларининг ёмонлашуви канцлер Олаф Шолцнинг беқарор ҳукуматига босимни кучайтирди.

Фото: AP

Минглаб германиялик ишчилар маошини оширишни талаб қилиб, умуммиллий иш ташлаш бошлади, деб хабар бермоқда Reuters. Тўрт миллионга яқин ходимни бирлаштирган электротехника ва металлургия саноати касаба уюшмаларининг иш ташлаши Porsche, BMW, Mercedes ва бошқа компанияларга таъсир кўрсатди.

Ҳафта бошида автомобил гиганти Volkswagen ўзининг 87 йиллик тарихида илк бор Германиядаги учта заводни ёпишини, шунингдек, оммавий ишдан бўшатиш ва иш жойини сақлаб қоладиган ходимлар учун маошни 10 фоизга қисқартириш режаларини эълон қилганди.

Европанинг энг йирик иқтисодиётида бизнес истиқболларининг ёмонлашуви, канцлер Олаф Шолцнинг беқарор ҳукуматига босимни кучайтирди. Сиёсий келишмовчиликлар фонида Шолц ҳукумати келаси йилги федерал сайловлар олдидан инқироз ёқасига келиши прогноз қилинмоқда.

29 октябр куни Шолц компания раҳбарлари, жумладан, Volkswagen раҳбари Оливер Блюме билан Германия саноат секторини қўллаб-қувватлаш стратегияларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди. Берлиндаги уч соатлик ёпиқ учрашувнинг мақсади Германиянинг иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, саноатдаги иш ўринларини ҳимоя қилиш ва жаҳон саноат маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича сиёсий чораларни ўрганишдан иборат бўлди. Кейинги музокаралар 15 ноябрга белгиланган.

Ҳукумат фаолиятининг самарасизлигини кўрсатиш мақсадида молия вазири ҳам айнан шу кунда алоҳида саммит ўтказилишини эълон қилди.

Компаниялар ўртасида ўтказилган сўровнома Германия 2024 йилда иқтисодий тушкунликни бошдан кечираётганини кўрсатди, келгуси йилда ҳам ўсиш истиқболлари кўринмаяпти.

Мавзуга оид