«Бошқа давлатлар ҳам Пхенян каби ўз қўшинларини Россияга юбориши мумкин» — эксперт
Разведка ва хавфсизликни ўрганиш маркази ходими Верена Жексон КХДР аскарларининг Украинага қарши урушга жалб этилишини «замонавий ҳуқуқ ва ҳозирги сиёсий вазият учун бурилиш нуқта» деб атади.
Пентагон маълумотларига кўра, КХДРнинг бир неча минг аскари Курск области томон бормоқда, уларнинг бир қисми ҳозирда манзилда. АҚШ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Россияда жами 10 минг нафарга яқин Шимолий Корея аскарлари мавжуд.
Лондон Қиролли коллежининг мудофаа тадқиқотлари бўйича эксперти Марина Мироннинг қайд этишича, КХДР ҳарбийларининг РФга юборилиши — «ҳуқуқий прецедент» ва энди бошқа давлатлар ҳам Пхенян каби Москва билан мудофаа ҳамкорлиги тўғрисида битим имзолаб, ўз қўшинларини ушбу мамлакатга юбориши мумкин.
Мюнхендаги Бундервер университети ҳузуридаги Разведка ва хавфсизликни ўрганиш маркази (CISS) ходими Верена Жексон мазкур ҳолатни «замонавий ҳуқуқ ва ҳозирги сиёсий вазият учун бурилиш нуқта» деб атади.
«Агар Шимолий Корея аскарлари Украинада Россия билан бирга бевостида жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган бўлса, бу айнан қандай содир бўлаётганини аниқлаш зарур. Улар шундай ёки Россия байроғи остида, руслар формасида урушга жалб этилганми? Унда ўзига хос савол юзага келади: бу ҳолатда Шимолий Корея урушаётган томон, яъни қонуний нишонми? КХДР аскарларининг ҳаракати кимнинг ҳисобига ёзилади?» — дейди Жексон. Унинг таъкидлашича, агар Шимолий Корея урушаётган томон бўлса, эскалация потенциали улкан.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Шимолий Кореянинг урушдаги иштироки «халқаро ҳуқуқни, жумладан, БМТ Низомининг энг фундаментал тамойилларини жиддий бузиш бўлиши»ни таъкидлаганди. Бундан ташқари, ЕИ Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг чуқурлашишини, хусусан, «БМТ Хавфсизлик Кенгашининг кўплаб резолюцияларини қўпол равишда бузаётган» қурол-яроғ етказиб берилишини кескин қоралаган.
Мавзуга оид
02:02
КХДР қитъалараро баллистик ракета синовини ўтказди
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
13:50 / 31.10.2024
АҚШ Хитойни КХДР аскарлари Россиядан олиб чиқиб кетилишига эришишга чақирди
13:10 / 31.10.2024