Охунзода ва Ҳаққоний қарама-қаршилиги: «Толибон» раҳбариятида низо авж олдими?
«Толибон» етакчилари бирдам эканини кўрсатишга уринса-да, ичкарида вазият бошқачароқ. Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний эса NYT’га интервюсида бу борадаги тахминларни тасдиқлагандек бўлди. У дунёга қандай сигнал бермоқчи? «Толибон» ичидаги бирдамлик бугун қанчалик мустаҳкам? «Геосиёсат»нинг навбатдаги сонида афғоншунослар шу каби саволлар юзасидан изоҳ берди.
“Толибон” ҳокимиятга келгач, гуруҳ бирдам эканини исботлашга ҳаракат қилди. Аммо барчаси кўринганидек эмас. Куни кеча ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққонийнинг “The New York Times”да эълон қилинган интервюсида, ташқи дунё учун қандайдир сигнал бордек, гуруҳнинг “ҳақиқий тармоғи” раҳбари Сирожиддин Ҳаққоний ва олий раҳбар Шайх Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасидаги келишмовчиликлар борган сари кўпаймоқда, деган фикрлар янграмоқда. Ҳаққоний учун Қўшма Штатлар томонидан ўн миллион доллар мукофот эълон қилинган ва ҳамон у қидирувдаги шахс. Суҳбат давомида у ва отаси Жалолиддин Ҳаққонийнинг АҚШ билан узоқ йиллик сирли алоқаларига ҳам тўхталган. Хўш, Ҳаққоний бу интервю билан дунёга қандай сигнал бермоқчи? “Толибон” ичидаги бирдамлик бугун қанчалик мустаҳкам? Кun.uz “Геосиёсат”да мавзуни таҳлил қилиш учун бир қанча афғоншунослар Анвар Йўлдошев, Нурислом Аҳмаджонов ва Азизбек Файзуллаевни таклиф этди.
“The New York Times”нинг Сирожиддин Ҳаққоний билан қилган интервюси кимларга ва қандай сигнал бўлиши мумкин?
Анвар Йўлдошев: Сирожиддин Ҳаққонийнинг бу биринчи интервюси эмас. Ғарб давлатларига бераётган охирги икки йилда у энг ашаддий террорчидан дипломат, сиёсатчи ёки давлат ходимига айланди. Биламиз, Сирожиддин Ҳаққоний “Толибон” ички ишлар вазири лавозимида ишлаяпти ва у Афғонистонни ташқи дунёга олиб чиқиши кераклигини кўрсатаётган “Толибон” ҳукумати аъзоларидан энг асосийларидан бири сифатида кўрилмоқда. Афғонистон ташқи дунё билан ҳамкорликка киришиши кераклигини айтаётган раҳбарлардан бири бўлиб қолди.
Албатта, интервюлар ортида очиқланган-очиқланмаган мақсадлар бор, улар ҳақида суҳбат давомида яна гаплашамиз.
Нурислом Аҳмаджонов: Ҳозирда медиа оламида Сирожиддин Ҳаққонийнинг интервюси шов-шув сифатида талқин қилиняпти. Ашаддий террорчидан дипломатга айланиши бу қандайдир бир ишора, яъни бу интервюдаги ишоралар нимага қараб кетади?! Бевосита “The New York Times” биринчи навбатда АҚШда демократларга яқин бўлган нашрлардан бири ҳисобланади ва айнан нима учун бу АҚШда президентлик сайловлари олдидан, яъни президентлик сайловлари арафасида Ҳаққоний интервюси нашр этилгани ҳам қандайдир сигнал бўлиши мумкин. Яъни демократлар ва республикачилар ўртасидаги дебатларда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш масаласи ҳам танқид қилинган ва мана шу вазиятни юмшатиш ҳамда танқидларга қаратилган интервю бўлиши ҳам мумкин. Бу, албатта, АҚШ томонидан “Толибон”, яъни Сирожиддин Ҳаққонийдан фойдаланиш ҳисобига амалга оширилди. Ҳаққонийлар оиласи тарихан Марказий разведка бошқармаси билан бевосита алоқа қилиб келган, бундан ташқари, моддий ёрдамлар ҳам олиб турган дейилади. Ҳозирги глобализация жараёнларида яна Ҳаққоний тармоғи глобал трендга чиқмоқда. Бу эса АҚШ томонидан иккинчи сигнал бўлиши мумкин.
Сўнгги вақтларда эса Сирожиддин Ҳаққоний ва “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасидаги низолар ҳақида медиада турли хил хабарлар тарқаляпти.
Баъзи таҳлилчилар бу шунчаки низо эмас, балки ахборот манипуляцияси деган қарашларни ҳам илгари суряпти. Менимча, эълон қилинган интервюда гўёки Қўшма Штатлар лидерлик масаласида Сирожиддин Ҳаққонийни қўллаб-қувватлашга тайёр деган сигнал беряпти ва келажакда АҚШ бу билан биринчи навбатда ҳамкорлик қилишга тайёр. Демак, Вашингтон қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетгандан кейин яна минтақага қайтиш воситаси сифатида Сирожиддин Ҳаққонийни кўраётган бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан энди Сирожиддин ҳам мана шундан фойдаланган ҳолда балки ўзининг кейинги стратегик ҳаракатларини амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин. Сирожиддин Ҳаққоний билан бўлиб ўтган интервю Кобулда ўтказилган. Бу, албатта, Ғарб журналистининг мамлакат пойтахтида интервю олиши Ғарб давлатлари, жумладан, Америка билан ҳаққоний тармоғи алоқаси кучлилигидан сигнал беришга қаратилган. Лекин шу билан биргаликда айтиш мумкинки, ўша берилган интервюни тўлиқ шаклда ёки видео, аудиовизуал материал кўринишида биз кўрмаганмиз ва бу юқорида айтилгандек, Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг, яъни ортодоксал (идеалогик жиҳатдан одатларига қатий амал қилувчи) қарашга эга бўлган “Толибон” вакилларига зарба бериш мақсадида Ғарб манипуляцияси ҳам бўлиши мумкин.
“Толибон” ичида қайси гуруҳлар рақобати бор ва уларнинг даъвоси нима?
Анвар Йўлдошев: Ташқаридан қараганда жипс бўлиб кўринса ҳам, “Толибон” ҳаракати раҳбариятида низолар мавжуд. Бу ҳақида ҳатто оммавий ахборот воситалардан айрим мақолалар чиққан, баъзи маълумотлар сиздирилган.
Ҳайбатуллоҳ Охунзода, ўзи 1961 йилда туғилган, у 2016 йилда Мулла Умар ўрнига иқтидорга келган. Сирожиддин Ҳаққоний эса “Толибон” тузилишида уни ташкил қилишда қатнашган шахслардан ҳисобланади. Отаси Жалолиддин Ҳаққоний билан бирга жангларда ҳам қатнашган.
Қандаҳорлик Ҳайбатуллоҳ Охунзода олий раҳбар ва Сирожиддин Ҳаққоний орасидаги низолардан яққол биттаси: олий раҳбар Охунзода ўз ходимларига ишонмай, қандаҳорликлардан иборат (“Толибон” етакчиси айнан Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида туғилган) қўриқчилар гуруҳини тузди. Булар ўртасидаги келишмовчиликлардан яна бири – хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва инклюзив ҳукумат тузиш масаласи.
Азизбек Файзуллаев: Айнан шу мақола чиқиш арафасида “Толибон” амири (Шайх Ҳайбатуллоҳ Охунзода) шахсий гвардияси раҳбари этиб ўз куёви Зарғайни тайинлади ва корпус сони йигирма мингдан қирқ минггача оширилгани айтилди Бу хабарлар эса ички низо борлигини очиқ кўрсатмоқда. Қолаверса, бу икки гуруҳ ўртасида бўлиниш янаям кучайиб боради. Чунки “Толибон”нинг юқори элитаси ҳақиқатдан тушуниб, мўътадил кайфиятдаги қатлам Ғарб давлатлари ёки умуман қўшнилар билан алоқада бўлмаса ва дунё талабларини бажармаса, мамлакатдаги айни пайтда оғир бўлиб турган гуманитар вазият янада оғирлашиб кетиши мумкин. “Толибон” келгандан кейин Афғонистонда анча ижобий ўзгаришларга эришилгандек туюлади. Масалан, импортнинг кўпайиши, экспортнинг икки баравар ошгани, солиқ ва божхона тушумларининг яхшиланиши. Аммо америкалик иқтисодчилар буни “очлик мувозанати” деб атади, яъни ҳозирги кундаги бу иқтисодий ўзгаришларнинг узоқ муддатли эффекти жуда ёмон бўлиши мумкин. Чунки тобора “Толибон” халқаро алоқалардан узилиб қолмоқда ва уни аввалги Доҳа гуруҳи, яъни Қатар фаолият юритган мўътадил гуруҳи тушунади. Улар ўз амирларини, яъни Ҳайбатуллоҳни кескин қарорларга эмас, балки мўътадил қарорларга ундамоқда.
Анвар Йўлдошев: Ҳозир Афғонистонга жуда катта иқтисодий ёрдам маблағлари берилаётгани ким томонидан ўзлаштирилади, қаёққа боради, бу масала жуда катта рол ўйнаяпти. Низолар мана шу пул оқимини ўзлаштириш масаласида ҳам келиб чиқиши мумкин.
Нурислом Аҳмаджонов: Маълумотларга кўра “Толибон” ичида учта пуштун гуруҳи ўртасида ўзаро рақобат ва кураш бор. Бу биринчиси, Қандаҳор гуруҳи, яъни “Толибон” раҳбари ҳисобланган Ҳайбатуллоҳ бошчилигидаги радикаллашган гуруҳ. Иккинчи гуруҳ эса “Толибон”нинг ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний бошчилигидаги гуруҳдир. Ҳаққоний тармоғи ҳақида гап кетганда Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлиги, шунингдек Шарқий Туркистон ислом ҳаракати, Ўзбекистон ислом ҳаракати, Ансоруллоҳ (Тожикистон толибалари деб аташ ҳам мумкин) ёки Теҳрика Толибони Покистон, яъни Покистон толибалари каби террористик гуруҳлар (“Ал-Қоида” билан ҳам ҳамкорлик қилингани айтилади) билан алоқадорлиги ҳақида маълумотлар бор.
Учинчи гуруҳ бу Қатар гуруҳи ҳисобланиб, бу гуруҳга “Толибон”нинг иқтисодий масалалар бўйича бош вазир ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар ҳамда “Толибон” мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб бошчилигидаги анча мўътадиллашган гуруҳ киради. Ҳозирда мана шу учта пуштун гуруҳ ўртасида рақобат кучайган. Сирожиддин Ҳаққонийнинг Ҳайбатуллоҳ билан бевосита маслаҳатлашувсиз хорижий давлатлар билан алоқа қилиши ёқмайди.
Юқорида айнан учта клан тўғрисида гапирдингиз, лекин халқаро ҳамжамият айнан Доҳа гуруҳини асосий ўринга қўймайдими ёки бу ерда толиблар ичидаги мавқега боғлиқми?
Толиблар ичида бу гуруҳлар алоҳида мавқега эга.
Масалан, Сирожиддин Ҳаққоний Афғонистоннинг шимолий қисмларида катта обрўга эга ва Бадахшон вилояти сабаб Хитой билан яқин муносабатларга эга.
Қатар гуруҳи вакиллари, Мулла Абдул Ғани Бародар бошчилигидаги фаолият бевосита сиёсий жараёнлар билан, иқтисодий жараёнлар билан ва халқаро масалалар билан боғлиқ. Ҳазирда де-факто ҳисоблаган “Толибон” ўз ҳокимиятини де-юрега ўзгартириш учун иқтисодий яқинлик билан оширади, яъни бошқа хорижий давлатлар билан бирга иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйгандан кейин бевосита сиёсий яқинликка ҳам олиб келиши мумкин.
Ҳаққоний тармоғи ўзи нима?
Анвар Йўлдошев: Ҳаққоний тармоғи 1983 йилларга бориб тақалади. Тармоқни унинг отаси Жалолиддин Ҳаққоний шакллантирган ва мужоҳидларга раҳбарлик қилган. Ҳаққоний тармоғи бир қанча араб давлатлари ва чегарадош бўлгани учун Покистон билан бирга ишлаган. Натижада Жалолиддин Ҳаққоний нуфузли дала қўмондонларидан бирига айланди. Гулбиддин Ҳекматёр ва Аҳмадшоҳ Масъуд ўртасида келишмовчилик бўлганда Жалолиддин Ҳаққоний уларни яраштиришда катта рол ўйнаган. Ўз вақтида уни ҳатто президентликка ва бош вазирликка ҳам тавсия қилишган. Икки мингинчи йилларда бунинг отаси жуда нуфузли эди.
Сирожиддинга келсак унинг яна тўртта укаси бор. Лекин асосий меросхўр сифатида Сирожиддин отасининг ўрнини эгаллади. Тармоқ кучли, нуфузли, пулга эга ва турли давлатлар билан алоқалар олиб боради. У давлатлар орасида биринчи галда айтганимиз Покистон, кейин араб давлатлари, Яқин Шарқ мамлакатлари ва албатта Америка Қўшма Штатлари.
2008-2010 йиллардаги Афғонистонда асосий террорчилик ҳаракатларини “Толибон”нинг ана шу тармоғи қилган. 2008-2009 йилларда Кобулдаги Серинний меҳмонхонасидаги портлашлар, Ҳамид Карзайга ҳужумлар, масжидлар ва бошқа жойларда кўплаб терактларни амалга оширган. Уларнинг одамлари жуда кўп худкушлик билан шуғулланган. Одам ўғирлаш билан, рекет билан ҳам шуғулланган.
Азизбек Файзуллаев: Ҳаққоний тармоғи оилавий хусусиятга эга. Гуруҳда ислом омили ва пуштун кодекслари юқори ўринда туради. Ҳаққоний исмини ўзи таълим олган Покистондаги Дарул Улом Ҳаққония мадрасаси номидан олган. Совет контингентига қарши курашиш учун улар тўғридан тўғри Америка Марказий разведка бошқармасидан нақд пул ва қурол-яроғларни олгани ҳам айтилади. Замонавий даврдаги Ғарб билан алоқаларига келадиган бўлсак, Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакиси, яъни Жалолиддин Ҳаққонийнинг укаси Иброҳим Умарий 2011 йилда Дубайда Америка вакиллари билан махфий тарзда учрашгани ёки орадан тўрт йил ўтиб, 2016 йилда Европада уларни баъзи бир махфий учрашувларда кўрилгани, Ғарб билан яқин алоқада эканидан хабар беради.
Хаттоки ўшанда мухбирлар савол ҳам беришган: Америка ҳам урушни тугатишни хоҳласа, Ҳаққоний тармоғи ҳам урушни тугатишни хоҳласа, Афғонистонда нима учун уруш ҳали ҳам давом этяпти, деган масалалар кўтарилган.
Лекин буларнинг фаолияти Афғонистон ичида, яъни глобал жиҳод деган нарса йўқ. Лекин баъзи экспертлар хорижий мамлакатлардан олаётган хайрия ёрдами келажакда глобал жиҳодга сабаб бўлиши мумкин деб тахмин қилинади. Бироқ бу қанчалик тўғри экани ҳозирча аниқ эмас.
Сирожиддин Ҳаққоний хаттоки “Ал-Қоида” билан ҳам ишлаган, худкушлик терактларини ташкиллаштирган. Ҳозирда уни мўътадил тарафга ўзгарган дейиш қанчалик асосли? Ҳаққоний ҳокимиятга эришиш учун ўзини шундай кўрсатмаяптими?
Агар вазият тақозо қилса, одам ўзгаради, ташкилот ва унинг фаолияти ҳам ўзгаради. Бугунги кунда Афғонистонда ушбу ташкилот фаолиятида террорчилик ҳаракати йўқ десак ҳам бўлади, бу вақтинчалик тўхтатилган дейиш ҳам мумкин.
Аммо интервюлардан маълумки, мақсад Афғонистонни дунёга очиш ва вазиятни яхшилаш ҳақида гапирилмоқда. Асосий мақсад барибир Охунзода ўрнига гуруҳ раҳбарлигига келиш.
Азизбек Файзуллаев: Ҳар қандай ҳокимиятнинг асоси иқтисодиёт устига қурилишини унутмаслигимиз керак. Афғонистонда ҳозирги иқтисодий тенденциялар давом этса, мамлакатдаги вазият қулайди. “Толибон” ҳокимиятга келгунча аёлларни иш билан таъминлаш кўрсаткичи 16 фоиздан 46 фоизгача оширилган эди, ҳозир “Толибон” даврида бу нарса нолга тушиб кетди. Бу келажакда фуқароларнинг турмуш шароитини оғирлаштириб юбориши мумкин. Агар ҳокимиятга келиш уларнинг асосий мақсади бўлса ва бу мақсадни амалга оширишдан олдин асосларни қўйиш талаб қилинса, бу ҳолат яққол кўринади.
Бундан ташқари, бугунги кунда Туркманистон катта ишлар қиляпти. Нима учун Охунзода ҳеч қачон хорижга чиқмаган ва сентябр ойида Туркманистонга келган? Сабаби, ТАПИ лойиҳаси (Туркманистон-Афғонистон-Покистон газ қувури). Афғонистонга бу қувур йилига 600 миллион доллар фойда олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, бу ердан темирйўл ҳам ўтади, у орқали бир йилда 10 миллион тонна юк ўтади.
Афғонистон билан боғлиқ бошқа давлатларнинг лойиҳалари ҳам бор-ку, нега Туркманистонга айнан олий раҳбар борди?
Анвар Йўлдоше: Биринчи навбатда табиийки, иқтисодий манфаат бор. Охунзоданинг бундай катта лойиҳага бошчилик қилиши Ҳаққоний билан рақобат фонида бўляпти.
Азизбек Файзуллаев: Туркманистон “Толибон”нинг биринчи ҳокимиятини (1996-2001 йиллар) ҳам рад этмаган. Марказий Осиё давлатларидан фақатгина Туркманистон улар билан фаол дипломатик алоқаларни йўлга қўйган. Шунингдек Хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида Туркманистоннинг биринчи президенти “Толибон”дан хавф кўрмаяпмиз деб баёнот ҳам берган. Ҳаттоки Туркманистоннинг энг хавфсиз чегаралари Афғонистон билан дейилган вақтлар ҳам бўлган. Балки бунга ҳам боғлаш мумкиндир.
Сирожиддин Ҳаққоний ва Охунзода ўртасидаги келишмовчиликларнинг сабаби ва кесишган нуқталар қайсилар?
Нурислом Аҳмаджонов: 2024 йил июл ойида Ҳайбатуллоҳ Қандаҳорга хавфсизлик органлари раҳбарларини кенгашга чақирди. Жумладан: мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб, ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний, разведка бошқармаси бошлиғи Абдулҳақ Восиқ. Шу пайтда Қандаҳордаги Ҳайбатуллоҳ атрофидаги муллалар хавфсизлик органлари раҳбарларидан яна қайтадан Ҳайбатуллоҳга байъат беришини талаб қилди. Сирожиддин Ҳаққоний эса фақат бир марта содиқлик қасамёди берилади, иккинчи марта байъат бериш бу мантиқсизлик, дея эътироз билдирди. Лекин “Толибон”нинг ўзи буни рад этади.
Анвар Йўлдошев: Сирожиддин Ҳаққоний аёллар таълимини чекламаслик ҳақида айтган бўлса ҳам, Охунзода бунга рухсат бермади ва кескинликнинг асосий сабабларидан бири ҳам шу.
Азизбек Йўлдошев: Қолаверса, Сирожиддин Ҳаққоний сабаб аёллар ҳуқуқи таъминланса, бу Сирожиддинни янаям Ғарб билан яқинлаштиради. Чунки Ғарбнинг энг асосий даъволаридан бири айнан хотин-қизлар ҳуқуқи билан боғлиқ.
Баъзи манбаларга кўра Ҳайбатулло Охунзодани АҚШ томони ҳафталик даромад билан таъминлаб туради деган маълумотлар бор. “Толибон” ҳокимиятга келгандан бери бошланган бу таъминот айнан мана шу сентябр ойида тўхтатиб қўйилди ва бу фонда Сирожиддин Ҳаққоний билан интервю эълон қилиниб, Ҳаққоний асосий даражага кўтариляпти.
Агар сиз айтгандек Ғарбни ўзи молиявий таъминлаб турса, нима учун “Толибон” билан шунча вақт давомида курашди?
Азизбек Файзуллаев: Минтақада Америка Қўшма Штатлари ўзининг қолган рақиблари билан ҳисоблаш учун ричаг сифатида сақлаб туради деган фикр кўплаб экспертлар томонидан айтилади, яъни у “Толибон”ни барибир ўз тизгинида ушлаб тураверади.
Ундан ташқари, бу қўшни давлатларга хавф кўринишида уларни қайсидир маънода тийиб туриш учун ҳам “Толибон”дан фойдаланиш мумкин.
Анвар Йўлдошев: Ҳаққоний тармоғи эски отаси пайтида ҳам, кейин, Сирожиддин пайтида ҳам Америка Қўшма Штатлари махсус хизматлари билан доим махфий тарзда учрашиб турган, улардан пул маблағлари ва қурол-яроғ олиб турган. Ҳозир ҳам шундай деб ўйлайман.
Асосий рақиблар билан сиёсатини мувозанатлаштириш учун ҳам мавжудлигини сақлаб туради. Чунки АҚШ чиқиб кетса, ўрнини табиийки, Россия ёки Хитой эгаллайди.
Сирожиддин Ҳаққоний ва Ҳайбатуллоҳ Охунзоданинг халқаро қўлловлари қайси давлатлар?
Нурислом Аҳмаджонов: Ҳаққоний бевосита Хитой билан алоқадорлиги мавжуд, Ҳайбатуллоҳни эса маълум маънода бошқа давлатлар асосий ўйинчи сифатида кўрмайди. Айнан Ғарб давлатлари ҳозирда Ҳайбатуллоҳни асосий ўйинчи сифатида кўрмаяпти. Чунки экспертларнинг фикрича, ҳозирги “Толибон” ичидаги тинчлик даври ўз ниҳоясига етди, энди ички беқарор вазият ҳукм сура бошлади. Худди шундай вазиятда ҳеч бир хорижий давлатлар Ҳайбатуллоҳни қўлламайди ёки унинг атрофида қандайдир ҳаракатларни амалга оширмайди.
Анвар Йўлдошев: Ҳайбатуллоҳ Охунзодани Ғарб давлатлари қўлламаса ҳам, шунга қарамай, Саудия Арабистони, Араб Амирлиги орқасида туриши мумкинлигини қайд қилиш керак. Чунки у бошқарувда диний омилни биринчи ўринга қўяди. Сирожиддинни биринчи галда Хитой ва Покистон қўллайди. Покистон билан у аввал ҳам ишлаган, бундан кейин ҳам ишлайди.
“Толибон” ичидаги этник ўзбек қўмондонлар (Салоҳиддин Айюбий ва Абдулсалом Ҳанафий) қайси гуруҳ томонида бўлади?
Азизбек Файзуллаев: Агар этник унсур бу ерда асосий даражага кўтариладиган бўлса, ўзбек миллатига мансуб бўлган афғонистонлик “Толибон” вакиллари менимча мўътадил томонда бўлса керак. Жумладан, бу ерда Салоҳиддин Аюбийдан ташқари, Абдуссалом Ханафий алоҳида қайд этиш керак. У Қатар гуруҳи таркибида бўлган, Ғарб давлатлари билан мулоқотларда бўлган. Бу жиҳатдан унинг томони маълум. Яна битта нарсага алоҳида эътибор бериш керакки, уларни таркибидаги раҳбарий органларда этник ўзбеклар жуда кам сонли. Салоҳиддин Айюбий ҳозирги кунда Зобул вилоятида хавфсизлик масалалари раҳбари сифатида фаолият юритаётган ўзбек. У 21 октябр ўзбек тили куни арафасида интервюсида тил масаласига тўхталди ва ўзбек тили доим яшашда давом этади, ўлмайди, деди. Биз бу тилда фарзандларимизни тарбиялашда давом этамиз, деди. Лекин шу билан биргаликда, унда туркийлик ёки ўзбеклик унсурига эмас, диний мансубликка эътибор яққол сезилиб турган эди. Бу жиҳатдан олиб қарасак, Охунзодага яқинлигини пайқаш қийин эмас.
Сирожиддин Ҳаққонийнинг эҳтимолий ҳокимиятга келиш истиқболлари қандай?
Анвар Йўлдошев: Ўйлайманки, Ҳаққоний Ғарб давлатлари ва дунё ҳамжамияти талаб қилаётган асосий талабларни бажаради, улардан биринчиси аллақачон бажарилган. Афғонистон гиёҳванд моддаларни йўқ қилиб улгурди ва минимал даражага туширди.
Иккинчи талаб инклюзив ҳукумат тузиш. Инклюзив ҳукумат қуришга ҳам Ҳаққоний ижобий қарайди ва дунёга Афғонистоннинг очиқлигини кўрсатади. Учинчиси бўйича биз гапирдик, аёллар ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш. Шунинг учун, мана шу учта талабни амалга оширса, дунё ҳамжамияти уларни тан олади. Уларни тан олса, Афғонистон очилади. Афғонистон очилса, уларга инвестициялар кириб келади. Сармоялар кириб келади, лойиҳалар амалга оширилса, Афғонистондаги ҳаёт анча яхши бўлади деган умиддамиз.
Нурислом Аҳмаджонов: Агар Сирожиддин Ҳаққоний “Толибон” ҳокимияти тепаси келадиган бўлса, қандай оқибатлар олиб келиши ҳақида гапирмоқчиман. Дейлик, Охунзода ҳам, Сирожиддин ҳам пуштун этноси билан боғлиқ. Бевосита, агар Сирожиддин Ҳаққоний ҳокимиятга келадиган бўлса, пуштун гуруҳлар ўртасида курашлар авж олиши мумкин. Дейлик, пуштун гуруҳлар ўртасида турли хил уруғлар мавжуд. Уруғлар жуда ҳам кўп. Ҳайбатуллаҳ Охунзода айнан Дурроний уруғларига мансуб бўлгани учун, Сирожиддин Ҳаққоний уруғлари томон билан ҳам ўзаро кураш келиб чиқиши мумкин. Бу натижада нимани келтириб чиқаради?
Сирожиддин Ҳаққоний билан Покистон ўртасидаги алоқалар янада яқинлашади. 2024 йилнинг 11 октябрида, Покистоннинг Ҳайбар шаҳрида пуштунларнинг буюк жирғаси бўлди. Тарихдаги энг кенг кўламли мана шу жирғада манбаларга кўра ўттиз мингдан ортиқ пуштунлар йиғилган. Бу ерда давлатчилик масаласини кўтаришди. Агар Сирожиддин Ҳаққоний ҳокимият тепасига келадиган бўлса, Афғонистон ҳудудида яна бир Пуштунистон давлатининг тузилишига олиб келиши мумкин.
Азизбек Файзуллаев: Биз ҳозир Ғарб давлатларининг ёрдамларини гапирдик, лекин ички сиёсат, ички халқнинг хоҳиш-иродаси муҳокама қилинмади. Бу ерда Ҳайбатулла Охунзодани улар олий раҳнамо сифатида тан олади. Шу нуқта назардан қарайдиган бўлсак, улар Ҳайбатуллоҳ Охунзодадан шунчаки юз ўгириб, Сирожиддин Ҳаққонийга бўйсуниб кетиши қийинроқ масала.
Қолаверса, бу ерда яна бир жиҳат бор: Афғонистондаги айнан “Толибон” таркибидаги кўплаб вакиллар, яъни жангчилари, “Толибон” ҳокимиятга келиб турган бўлса ҳам, улар баъзи бир либерал ислоҳотлар натижасида қайтадан “Толибон” таркибидан чиқиб, ИШИД Хуросон ёки “Ал-Қоида” сингари бошқа гуруҳларга ўтиб кетишгани қайд этилган. Бу демак, улар ҳали унчалик мўътадил кайфиятга тайёр эмаслигини билдиради. Бунинг иккинчи жиҳати даромад билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, албатта. Мана шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олиб, тўлиқ аниқ картинасини чизиш қийинроқ.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
22:56 / 15.11.2024