Жаҳон | 22:06 / 01.11.2024
3126
3 дақиқада ўқилади

Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади

Мутахассислар ва журналистлар қонуннинг ноаниқ матнидан хавотирда ва ундан норозиликларни бостиришда фойдаланиш мумкин, деб ҳисобламоқда.

Фото: Kun.uz

Туркия парламенти яқин кунларда «чет эл таъсирига қарши» қонун лойиҳасини кўриб чиқади, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг фикрича, ундан норозиликларни бостириш учун фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Қонун, ҳокимиятнинг фикрича, хорижий давлат ёки ташкилотнинг таъсири остида ёки буйруғи билан «давлат хавфсизлиги ёки унинг ички ёки ташқи сиёсий манфаатларига қарши иш олиб борувчи» шахсларнинг фаолиятини чеклаш учун мўлжалланган. Қоидабузарлар 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳужжат ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) томонидан тайёрланган бўлиб, у жорий йилнинг баҳорида қабул қилиниши оммавий норозиликларга сабаб бўлган Гуржистондаги қонун ва Россиядаги худди шундай механизмни эслатади, деб таъкидламоқда нашр. «Чет эл агенти» тўғрисидаги қонун биринчи марта Россия қонунчилигига 2012 йилда киритилган, кейинчалик чоралар бир неча марта кучайтирилган.

Bloomberg ҳужжат тафсилотларини келтирмади, бироқ Туркиянинг BBC хизмати аввалроқ ушбу лойиҳа ҳақида ёзган эди. Материалда айтилишича, депутатлар жосуслик ва давлат хавфсизлиги билан боғлиқ ҳужжатларни сақлаш бўйича жиноий моддаларни кенгайтиришни таклиф қилишган. «Хорижий давлатнинг стратегик манфаатлари ёки кўрсатмаларига мувофиқ» ҳаракат қилганлар қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Агар қоидабузарлик уруш пайтида ёки стратегик корхоналар ходимлари томонидан содир этилса, жазо янада қаттиқроқ бўлади.

Мутахассислар ва журналистлар қонуннинг ноаниқ матнидан хавотирда, мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси депутати Инон Оқгун Алп бу ҳужжат «жуда репрессив муҳитга» йўл очади, деб ҳисобламоқда. Ўнлаб ОАВ вакиллари лойиҳани кўриб чиқишни тўхтатишга чақирмоқда.

«Биз қонун лойиҳасини сўз эркинлиги ва фуқаролик жамиятига таҳдид деб ҳисоблаймиз. Ноаниқ матнли қонун кундалик журналистик ва фуқаролик фаолиятини жазоланадиган жиноятга айлантириши мумкин», деди Мустафо Кулели, Европа журналистлар федерацияси вице-президенти.

Мавзуга оид