Ўзбекистон | 16:41 / 03.11.2024
3917
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги шартномага қўшилди

Шартноманинг мақсади рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, «Рус тили ва адабиёти» ҳамда «Рус тили чет тили сифатида» йўналишлари бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябр куни «Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни имзолади.

МДҲ ҳомийлигидаги ушбу ташкилотни тузиш таклифи 2022 йил октябр ойида Остонада ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан билдирилганди. Таклифга асосан 2023 йил 13 октябр куни Бишкекда ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида ташкилотни тузиш ҳақидаги шартнома имзоланди.

Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари қаторига рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, «Рус тили ва адабиёти» ҳамда «Рус тили чет тили сифатида» йўналишлари бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мутахассислар захирасини шакллантириш киради.

Бундан ташқари, ташкилот давлатлараро мулоқот тили сифатида рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш масалаларида МДҲ мамлакатларининг ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлаш билан шуғулланади.

Шу кунга қадар шартномани Россия, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбойжон ратификация қилган.

Мавзуга оид