Жаҳон | 10:30 / 05.11.2024
1172
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ва Жанубий Корея мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Брюссел ва Сеул денгиз ва космик хавфсизлик, гибрид таҳдидларга, чет эл аралашуви ва терроризмга қарши кураш ҳамда қуролсизланиш бўйича мулоқотни соддалаштиради.

Фото: Chung Sung-Jun/Pool Photo via AP/picture alliance

Европа Иттифоқи ва Жанубий Корея хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида. Бу ҳақда 4 ноябр, душанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Чо Таэ Ёл ўртасидаги учрашувда келишувга эришилди.

Брюссел ва Сеул, хусусан, денгиз хавфсизлиги, космик хавфсизлик ва мудофаа, кибер муаммолар, гибрид таҳдидларга қарши курашиш, чет эл аралашуви ва ахборот манипуляцияси, терроризмга қарши кураш ва қуролсизланиш бўйича мулоқотни соддалаштириши кутилмоқда.

Европа Иттифоқи дипломатияси ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари умумий қадриятлар ва манфаатларга асосланган тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар. Улар Европа ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ўзаро боғлиқ хавфсизлик муҳитига алоҳида эътибор қаратган ҳолда минтақавий ва глобал хавфсизлик бўйича мустаҳкам ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар.

АҚШ Жанубий Кореяни ядро қуроли билан ҳимоя қилишга тайёр

Қўшма Штатлар Жанубий Кореяни ҳимоя қилишга тўлиқ содиқ ва бунинг учун ҳар қандай воситаларни, жумладан, ядровий қуролни ҳам қўллашга тайёр. Бу ҳақда 31 октябр куни Вашингтонда ўзининг жанубий кореялик ҳамкасби Ким Ён Хён билан қўшма матбуот анжуманида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, АҚШнинг тийиб туриш бўйича мажбурияти ўзгаришсиз қолмоқда. Улар «Америка мудофаа қобилиятининг тўлиқ спектри — оддий ракета тизимлари, ядровий ва илғор ядровий бўлмаган қуроллар билан қўллаб-қувватланади», деб тушунтирди Остин.

Шу билан бирга, Пентагон раҳбари Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳарбий машғулотлар қайта тикланишини эълон қилди, унинг сўзларига кўра, бу икки давлатнинг «жанговар тайёргарлигини сезиларли даражада кучайтиради».

Мавзуга оид