Фан-техника | 21:56 / 08.11.2024
2362
2 дақиқада ўқилади

iPhoneʼнинг янги функцияси полициячиларнинг зарарига ишламоқда — ОАВ

Детройт полициясига кўра, Apple ўз смартфонларини мажбурий ўчириб-ёқиш функцияси орқали уни бегоналар бузиб киришидан ҳимоя қилмоқда.

Фото: Getty Images

Apple компанияси iPhoneʼни мажбурий ўчириб-ёқиш орқали уни бузиб киришларини қийинлаштирган бўлиши мумкин. 404 Media нашри бунга эътибор қаратди.

Қайд этилишича, журналистлар Детройт (Мичиган штати) полицияси ходимлари учун мўлжалланган ички кўрсатма билан танишиб чиққан. Полиция бўлинмалари раҳбарларининг сўзларига кўра, iPhone қурилмалари сақланиш давомида кутилмаганда ўчиб-ёниши мумкин — бу эса уни блокдан чиқариш жараёнини қийинлаштиради.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Apple смартфонларида иккита ҳолат мавжуд — фойдаланувчи томонидан ёқилганидан кейин блокдан чиқарилган (After First Unlock, AFU) ёки ёнган, аммо ҳали блокдан чиқарилмаган (Before First Unlock, BFU) вақти. Аниқланишича, мусодара қилинган телефонлар мобил алоқа тармоғидан узилса, ўчиб-ёниши мумкин — бу ҳолатда уни «брутфорс» усули орқали блокдан чиқариш янада қийинлашади. Бу эса полициячиларга тергов олиб боришда муаммо туғдиради.

Афтидан, мазкур функция iOS 18 операцион тизимида пайдо бўлган. Полициячилар ҳисоботида жиноятчилардан мусодара қилинган бир қанча Apple смартфонлари ҳақида сўз боради. iOS 18 да ишловчи қурилмалардан бири кутилмаганда ўчиб-ёнган — шундан кейин бошқа қурилмаларда ҳам шу каби ҳолат кузатилган.

Полиция ходимларига iOS 18 ўрнатилган смартфонларни бошқа гаджетлардан яккалаш тавсия этилган — масъуллар бундай қурилмалар бошқа телефонларга ҳам шу каби «буйруқ бериши мумкинлиги»дан хавотирда.

Мавзуга оид