Жаҳон | 17:01 / 08.11.2024
11505
2 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар ташкилотининг янги байроғи қабул қилинди

Кўпроқ нейтрал ва умумий хусусиятларга эга бўлган эскисидан фарқли ўлароқ, янги дизайнда туркий дунёнинг маданий ва тарихий ўзига хослигига кўпроқ эътибор қаратилган.

Фото: Тurknws

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) ХІ саммитида туркий дунё бирлиги ва муштарак тарихининг яна бир тимсолига айланган янги байроқ қабул қилинди. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.

Таъкидланишича, кўпроқ нейтрал ва умумий хусусиятларга эга бўлган эскисидан фарқли ўлароқ, янги дизайнда туркий дунёнинг маданий ва тарихий ўзига хослигига кўпроқ эътибор қаратилган.

Байроқнинг янги версиясидаги ранглар ва нақшлар туркий халқларга хос бўлиб, бу ташкилот иштирокчиларининг умумий маданияти ва чуқур тарихий илдизларига урғу беради.

Мовий ва оқ каби ранглар поклик, табиат, анъаналар ва дашт кенгликлари билан боғлиқ бўлиб, бу куч-қувват, уйғунлик ва абадийликни англатади.

Янги рамз – саккизбурчак – ҳидоят ва донолик рамзидир.

Қуёш ўзининг қирқта тўғри нурлари билан бир текисда тарқалиб, ёруғлик, очиқлик ва ҳаётийликни англатади. Нурлар туркий дунёнинг йўлини ёритиб, уни янада порлоқ ва фаровон келажак сари етакловчи умумий қадриятлар ва умумий қарашни ифодалайди.

Бутун туркий дунёга машҳур тимсол – ярим ой ва юлдуз туркий давлатчилик, юксалиш, келажакка интилиш ва тараққиётни билдиради.

Бундай рамзийлик ягона оилага мансублик туйғусини ва яқин оилавий ва маданий алоқаларни шакллантиришга ёрдам беради.

Ташкилотнинг янги байроғини Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари: Қосим-Жўмарт Тўқаев, Садир Жапаров, Илҳом Алиев, Режеп Тоййиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев тасдиқлади.

Мавзуга оид