Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
Ар-Риёддаги саммит иштирокчиларига кўра, Исроил Ғазо сектори, Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Жўлан тепаликларини тарк этмагунича, Яқин Шарқда барқарор тинчлик ўрнатилиши мумкин эмас.
Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар Исроилни Ғазо сектори, Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Жўлан тепаликларидан чиқиб кетишга чақирди. 11 ноябр, душанба куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саммит иштирокчилари 1967 йил 4 июнда белгилаб олинган чегараларни ҳурмат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, бундай ҳаракат минтақада «адолатли ва кенг қамровли тинчлик» ўрнатилишига ҳисса қўшишини билдирди.
Якуний декларация, шунингдек, Фаластин ҳудудлари – Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилни пойтахти Шарқий Қуддусда жойлашган ягона Фаластин давлатига бирлаштиришга чақиради. Бундан ташқари, АДЛ ва ИҲТ давлатлари раҳбарлари халқаро ҳамжамиятни Исроилга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар экспортини тақиқлашга чақирди.
Саммит Яқин Шарқдаги вазиятнинг ёмонлашуви фонида Ар-Риёд томонидан ташкил этилган. Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига ҳам Исроил давлатини тан оладиган, ҳам унинг минтақавий интеграциясини қатъиян рад этувчи давлатлар киради.
Жўлан можароси
Жўлан тепаликлари ўн йиллар давомида Яқин Шарқдаги баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Исроил 1967 йилда араб давлатлари коалициясига қарши Олти кунлик уруш пайтида Жўлан тепаликларининг муҳим қисмини эгаллаб олди ва 1981 йилда уни аннексия қилди. АҚШ 2019 йилда Жўлан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олган ягона давлатга айланди.
Яқин Шарқда можаронинг кучайиши
Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. Ҳамас ҳаракати Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Террорчилар Исроилга йирик ракета ҳужуми уюштирди, унинг ҳудудига бостириб кирди, натижада 1200 га яқин киши ҳалок бўлди. Шунингдек, жангчилар 250 га яқин одамни гаровга олиб, Ғазо секторига олиб кетишган. Кейинчалик гаровга олинганларнинг бир қисми алмаштирилди ёки озод қилинди, баъзилари эса вафот этди.
Исроил бунга жавобан Ҳамасга қарши уруш эълон қилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуруқликдаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилиш натижасида 43 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Фаластинлик жангчиларни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўллаб-қувватлаган. «Ҳизбуллоҳ» мунтазам равишда Ливандан Исроилга қарата ўт очяпти. Исроил армияси Ливан жанубида унга қарши ҳарбий операция ўтказмоқда.