Ёнғоқлар орттирилган ақлий заифликка чалиниш хавфини камайтиради — тадқиқот
Дунёда 55 миллион киши деменциядан азият чекади, ҳозирча унга қарши дори мавжуд эмас.

Фото: Shutterstock
Британиянинг Biobank сервиси томонидан ўтказилган тадқиқотда ёнғоқ истеъмоли деменция ривожланиши хавфини пасайтириши аниқланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 55 миллион киши деменциядан азият чекади. Йилига 10 миллионга яқин янги ҳолат қайд этилмоқда, 2050 йилга келиб уларнинг сони уч бараварга кўпайиши мумкин.
Деменция нима?
Деменция — орттирилган ақлий заифлик, у илгари ўзлаштирилган билим ва кўникмаларнинг йўқолиши, ақлий қобилиятлар ёмонлашуви билан тавсифланади. Касаллик хотира, фикрлаш ва мулоқот қилиш қобилиятидаги муаммолар билан ўзини намоён қилади. Бундай инсонлар учун ҳатто оддий кундалик вазифаларни бажариш ҳам қийинлашади: ўзига қараш, овқат тайёрлаш ва яқинлари билан мулоқот қилиш каби ишлар уларга мураккаб туюлади.
Орттирилган ақлий заифлик турли сабаблар, жумладан, Алцгеймер касаллиги ёки қон-томир касалликлари туфайли юзага келиши мумкин. Касаллик ривожланиб боргани сари, одамлар яқинларини таниш ва ҳис-туйғуларини бошқариш қобилиятини йўқотади. Энди уларга ғамхўрлик қилиш ҳам қийинлашади.
Ҳозирча деменцияга қарши дори йўқ, мавжуд даволаш усуллари эса фақат вақтинча симптомларни енгиллаштиради. Шунинг учун олимлар профилактика усулларини қидирмоқда.
Тадқиқот
UK Biobank (тиббий, геномик ва бошқа биологик маълумотларни сақловчи сервис) олимлари Буюк Британиянинг катта ёшдаги аҳолиси орасида ёнғоқ истеъмоли билан деменция ривожланиш хавфи ўртасидаги алоқани ўрганди.
Улар умумий хусусиятга эга одамларнинг маълумотларини ўрганиб чиқди. Лойиҳада 40−70 ёш оралиғидаги 50 386 нафар иштирокчи қатнашди. Улар ёнғоқ истеъмол қилиш-қилмаслиги, одатлари, соғлиқлари ва деменция ташхиси бор-йўқлиги ҳақида маълумот берди.
Тадқиқотнинг дастлабки босқичида деменция аниқланган иштирокчилар синовдан четлаштирилди — бу тадқиқот натижалари касалликнинг янги ҳолатларини аниқ акс эттириши учун зарур эди. Ёнғоқ истеъмолини баҳолаш Oxford WebQ махсус сўровномаси ёрдамида ўтказилди.
Олимлар деменция ривожланишининг олдини олиш учун тўғри овқатланиш аҳамиятини баҳолади. Уларнинг фикрича, таркибида антиоксидантлар ва яллиғланишга қарши моддалар бўлган ўсимлик маҳсулотларига бой таомлар айниқса фойдали.
Шу сабабли улар Ўрта денгиз парҳезини тавсия этмоқда, чунки бу парҳез асосан мева-сабзавотлар, тўлиқ донли маҳсулотлар ва фойдали ёғлардан иборат. Олимларнинг фикрича, бу орттирилган деменция хавфини пасайтириши мумкин. Ёнғоқлар ушбу парҳезнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади — улар мия фаолиятини қўллаб-қувватловчи элементларга бой.
Иштирокчилар икки асосий гуруҳга ажратилди: биринчиси мунтазам равишда ёнғоқ истеъмол қиладиганлар, иккинчиси эса улардан бутунлай воз кечганлар. Батафсил таҳлил ўтказиш мақсадида тадқиқот муаллифлари ёнғоқ истеъмолини миқдорига қараб уч тоифага бўлди: ёнғоқ истеъмол қилмайдиганлар, кунига бир ҳовучдан кам истеъмол қиладиганлар ва ундан кўп истеъмол қиладиганлар. Шу тариқа ёнғоқни кўпроқ миқдорда истеъмол қилиш бирор афзаллик берадими ёки йўқлиги аниқланди.
Натижалар
45-59 ёш (ўрта ёш) ва 60-74 ёш (кекса) гуруҳидаги одамлар орасида ҳар куни ёнғоқ истеъмол қиладиганларда деменция ривожланиш хавфи, ёнғоқ истеъмол қилмайдиган кишиларга нисбатан 12 фоиз пастлиги аниқланди. Олимларнинг таъкидлашича, айниқса тузланмаган бодом ва кешю энг фойдали ҳисобланади. Бироқ кунига бир ҳовучдан ортиқ истеъмол қилиш қўшимча фойда келтирмайди.
Ёнғоқларнинг фойдаси аёллар, кекса одамлар, чекмайдиган ва зарарли одатлари йўқ кишилар учун янада юқорироқ бўлиб чиқди.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар ёнғоқ истеъмоли ҳақидаги маълумотлар субъектив баҳоларга асосланганини таъкидлади, унда хатоликларга йўл қўйилган бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, тадқиқот фақат кузатув хусусиятига эга.
Хулоса қилиб айтганда, ёнғоқларнинг таъсир механизмлари ҳануз ноаниқ бўлиб қолмоқда, янада аниқроқ хулосалар учун клиник синовлар ўтказиш зарур. Бироқ умуман олиб қараганда, уларнинг фойдасига шубҳа йўқ.
Тавсия этамиз
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ryanair жанжалкаш йўловчиларни 500 евро жаримага тортади
Жаҳон | 14:34
-
Наманган туманидаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячи болаларни ҳақоратлаб калтаклади
Жамият | 14:21
-
Тошкент темирйўл вокзаллари қайта қурилиши мумкин
Ўзбекистон | 14:11
-
Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари қамоққа олинди
Ўзбекистон | 14:02
Мавзуга оид

10:37 / 12.06.2025
Дунёдаги можаролар сони 1946 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди

18:47 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди

13:18 / 12.05.2025
Ўзбекистонда тадқиқотлар учун ялпи харажатлар 4,5 трлн сўмни ташкил этди

18:43 / 08.05.2025