Жаҳон | 23:24 / 13.11.2024
5600
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди

Урушда яраланган ҳарбий хизматчилар учун тўловлар 30 баробаргача қисқарди. Энди яраланган россиялик ҳарбийлар жароҳатига қараб «оғир ёки енгил»га таснифланади.

Фото: delfi.lt

Россия президенти Владимир Путин 13 ноябр куни «Айрим тоифадаги шахсларга бир марталик тўловлар тўлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат билан РФ ҳукуматига яраланган, жароҳат олган ёки контузия бўлган ҳарбий хизматчиларга жароҳатининг оғирлик даражасидан келиб чиқиб тўловлар миқдорини белгилаш топширилган.

Ҳукумат қарорида келтирилишича, «оғир ёки енгил деб таснифланган жароҳатлар учун, суғуртага оид қарор қабул қилиниб», 3 миллион рубл миқдорида тўлов тўланади.

Енгил жароҳат олган ҳарбий хизматчилар учун тўланадиган тўлов миқдори — 1 миллион рубл, бошқа ҳар қандай турдаги жароҳатлар учун — 100 минг рубл этиб белгиланди.

Тўлов борасидаги мазкур тартиб ўзгаргунга қадар яраланган ҳарбий хизматчи жароҳатининг оғирлик даражасидан қатъи назар 3 миллион рубл тўлов пулини олаётган эди.

Telegramʼдаги Faridaily каналининг ёзишича, Путин ва ҳукуматнинг тўловларни тўлаш тўғрисидаги қарорлари 2,5 соат фарқ билан эълон қилинган — бу ҳукуматга «қандай жароҳатлар ва қанча тўлаш кераклиги ҳақида ҳарбийлар билан бўладиган мунозаралардан қочишга» имкон берган.

Россиялик блогерларнинг фикрича, ҳукумат «оғир яраланганларга қўшимча тўлов тўлаш ўрнига, «етарлича» жароҳат олмаганлар ҳақини тортиб олишга» қарор қилган.

Аввалроқ Украина билан урушда қатнашган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, ўтган 12 ой давомида – 2023 йил июлидан 2024 йил июнигача бўлган жанговар ҳаракатлар пайтида ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошларига тўловлар тахминан 2,75-3 триллион рублни ташкил қилгани тўғрисида хабар берилганди. Re:Russia лойиҳасига кўра, бу миқдор Россиянинг 2024 йилда кутилаётган ЯИМнинг 1,5 фоизига тўғри келади.

Мавзуга оид