Жаҳон | 08:58
502
2 дақиқада ўқилади

НАТО: АҚШ ҳарбийларининг қисқариши хавф туғдирмайди

НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари бош қўмондони Алексус Гринкевич АҚШ ҳарбийларининг Европадан қисқартирилиши альянснинг минтақадаги мудофаа режаларига таъсир кўрсатмаслигини билдирди. Шунингдек, у АҚШ Германия ҳудудига Tomahawk қанотли ракеталарини жойлаштирмаслигини тасдиқлади.

Фото: REUTERS

19 май куни генерал-лейтенант Алексус Гринкевич Вашингтоннинг Европадаги ҳарбий иштирокини қисқартириш қарорини изоҳлар экан, бу НАТОнинг мудофаа қобилиятини сусайтирмаслигини таъкидлади.

Унинг айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп май ойи бошида Германияда америкалик ҳарбийларни қисқартириш режасини эълон қилган бўлса-да, бу ҳолат альянс режаларига жиддий таъсир қилмайди.

Гринкевичнинг сўзларига кўра, қисқа муддатли истиқболда бу қарор асосан 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин Германияга жойлаштирилган 5 минг нафар америкалик ҳарбийга тааллуқли бўлади.

Шу билан бирга, у узоқ муддатли истиқболда Европа давлатлари ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтираётгани сабаб АҚШ қўшинларининг бошқа минтақаларга йўналтирилиши мумкинлигини айтди.

“Мен аниқ вақт жадвалини айта олмайман, бу бир неча йиллик жараён”, — деди НАТО бош қўмондони.

Гринкевич, шунингдек, АҚШ ҳозирча Германия ҳудудида ўрта масофага учувчи ракеталарни жойлаштирмаслигини маълум қилди. Шу тариқа, у Дональд Трамп ўзидан аввалги президент Жо Байден маъмурияти даврида тузилган келишувларга амал қилмаслигини тасдиқлади.

Берлин ва Вашингтон ўртасида Байден маъмурияти даврида тузилган келишувга кўра, АҚШ 2026 йилда Германияга Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бера оладиган ўрта масофали ракеталарни қайта жойлаштириши керак эди.

Улар қаторида 2500 километргача масофага учувчи Tomahawk қанотли ракеталари ҳамда янги гипертовушли қуроллар ҳам борлиги айтилган.

Аввалроқ Financial Times нашри Германия ҳукумати АҚШдан Tomahawk ракеталарини сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, Берлин Германия ҳудудида мазкур ракеталарни ишлаб чиқариш бўйича қўшма немис-америка корхонаси ташкил этиш юзасидан келишувга эришишга умид қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид