Ўзбекистон | 11:47 / 14.11.2024
2283
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат хизматчилари Германияда малака оширади

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов бошчилигидаги мамлакат делегацияси ташриф билан Германияга борди.

Фото: "Дунё" АА

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Бавария давлат бошқаруви мактаби, Ханнс Зайдел жамғармаси ва бошқа қатор бошқарув кадрларни тайёрлашга масъул муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон давлат хизматчиларининг Германияда малакасини оширишларини ташкил этишдан иборат.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари сафар давомида Бавария давлат бошқаруви мактаби директори Ханс-Кристиан Виттхауер билан учрашув ўтказишди. Унда икки томонлама академик алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнгги уч ўқув йилида Давлат бошқаруви академияси ва Бавария давлат бошқаруви мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган 20 га яқин онлайн ва оффлайн ўқув дастурларида 1000 га яқин мамлакат давлат хизматчилари иштирок этиб, ўзларининг бошқарувга оид билимларини Германия тажрибаси асосида оширди.

Бавария давлат бошқаруви мактаби ўқув ишлари проректори Раймунд Хелфрих билан кечган мулоқот чоғида эса "Ҳокимликка тайёрлаш мактаби" битирувчилари стажировкаси масаласи, шунингдек, мазкур дастурни 2025 йилда янада такомиллаштириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Давлат бошқаруви академияси делегацияси, шунингдек, Ханнс Зайдел жамғармасининг Халқаро ҳамкорлик институти директори доктор Сузанна Лютер билан учрашув ўтказди. Унда 2025 йил февраль ойида Академия тингловчиларининг Мюнхенда стажировкасини молиялаштириш имкониятлари ва "Ҳокимликка тайёрлаш дастури"ни 2025-2026 йилларда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ханнс Зайдел жамғарма "Демократия, тинчлик ва тараққиёт ҳимоясида" шиори остида ўз фаолиятини дунё бўйлаб олиб боради. Давлат бошқаруви академияси ва Ханнс-Зайдел жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2019 йилда йўлга қўйилган. Ҳамкорлик фаолиятидаги асосий эътибор давлат бошқарувига ихтисослашган кадрларни тайёрлаш, давлат хизматчилари касбий компетенцияларини ошириш, малака ошириш ва стажировка ўташини ташкил этишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид