Фан-техника | 20:31 / 15.11.2024
1314
2 дақиқада ўқилади

Бино ичидаги ортиқча шовқинни сўндиришга қодир сунъий интеллектга эга қулоқчинлар яратилди

Қулоқчилар олтита қўшимча микрофон билан жиҳозланган бўлиб, қурилма ҳосил қилган «товуш пуфаги» 1,8 метр радиусдан ташқаридаги ортиқча шовқинларни сўндиради.

Фото: Nature Electronics

 

Вашингтон университети дастурчилари сунъий интеллект ўрнатилган Sound bubble («товуш пуфаги») махсус қулоқчинларни яратди. Мазкур ихтиро тафсилотлари университетнинг расмий сайти ва Nature Electronics журналида эълон қилинган.

Бу каби кўринмас пуфакнинг радиуси 1,8 метрга етади — сунъий интеллект ундан ташқаридаги товушларни сўндиради. Қурилма атрофдаги овоз ва шовқинларни сўндирган ҳолда суҳбатдошлар мулоқоти учун шароит яратиб беради.

«Тасаввур қилинг: офисда ишлайсиз, сиз атрофдаги овозлар халақит бермаслиги учун шовқин сўндирувчи қулоқчинларни тақиб олгансиз. Ҳамкасбларингиз столингизга келиб савол беради, сиз бўлса, қулоқчинларни ечиш ўрнига, улар нима деяётганини аниқ эшитасиз. Хонадаги бошқа шовқинли суҳбатлар эса сўндирилган ҳолатда бўлади», — дейди қурилма ихтирочилари.

Шовқин сўндирувчи қулоқчилар олтита қўшимча микрофон билан жиҳозланган. Кичик борт компютери турли товуш манбаларигача бўлган масофани таҳлил қилишга ўргатилган нейротармоқни бошқаради. Сунъий интеллект узоқ жойдан тарқалаётган шовқинни филтрлайди, яқин атрофдаги одамлар овозини эса кучайтиради. «Пуфак»дан ташқаридаги овоз ва шовқин ўртача 49 децибелга сўндирилади.

Сунъий интеллект тизими барча овозларни реал вақт режимида 8 миллисония ичида қайта ишлайди. Қулоқчилардан ҳозирча фақат бино ичида фойдаланиш мумкин, очиқ ҳавода эса «товуш пуфаги»ни таъминлашнинг имкони бўлмаган.

Мавзуга оид