Ўзбекистон | 13:42
1331
2 дақиқада ўқилади

Дубайда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Дубайдаги Al Rashid шифохонасида қийин аҳволга тушиб қолган ва консуллик-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган ўзбекистонлик О.К. ватанга қайтарилди.

Фото: Дунё

Бош консулхонаси маълумотга кўра, ватандош соғлигида кузатилган муаммолардан шикоят қилиб, Al Rashid шифохонасига ётқизилган. Муолажа давомида у 17 минг 835 АҚШ доллари ва БАА ҳудудида узрли сабаб билан бўлсада ноқонуний қолгани учун 4 минг 550 АҚШ доллари миқдорида қарз бўлган. Шу сабабли О.К.га мазкур шифохона ва БААни тарк этиш учун тақиқ қўйилган.

Вужудга келган муаммони яқиндан ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида дипломатлар Al Rashid шифохонаси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари билан музокара олиб борди. Музокаралар натижасида БАА томони ўзбекистонликнинг барча қарзларидан воз кечди ва Ўзбекистонга қайтишига изн берди.

Бош консулхона ва Амирликлардаги "Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш маркази" хайрия ташкилоти томонидан О.К.га "Дубай - Тошкент" авиақатновига чипта сотиб олинди ва у 15 ноябр куни соғ-саломат Ўзбекистонга қайтди.

Мавзуга оид