Жаҳон | 17:03
5380
6 дақиқада ўқилади

Путин Қозоғистонга келиб, Тўқаев билан учрашди – асосий келишувлар ҳақида

Қозоғистон президенти Россия президенти давлат ташрифини Қозоғистон-Россия муносабатлари ривожида муҳим босқич бўлган тарихий воқеа деб атади. Қозоғистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишлари белгиланди.

Фото: akorda.kz

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистонга давлат ташрифи билан борди. У мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан музокаралар ўтказди.

27 ноябр куни улар Остона шаҳрида бўлиб ўтган Россия-Қозоғистон музокаралари якунлари бўйича матбуот вакиллари олдида чиқиш қилди.

Россия президенти қозоғистонлик ҳамкасбига мамлакатда рус тилига берилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

«Биз Қозоғистонда рус тили кенг ва эркин қўлланилишини юксак қадрлаймиз, буни республика раҳбарияти қизғин қўллаб-қувватлаётганини кўряпмиз ва Қозоғистон президентидан рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш ташаббуси учун миннатдормиз. Ишончим комилки, унинг фаолияти давлатлараро ва миллатлараро алоқа воситаси сифатида уни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга ҳисса қўшади», деди Путин.

Россия Қозоғистонда рус тилида ўқитиладиган янги мактаблар қуриш ва умуман рус тилида таълим сифатини оширишда ёрдам бермоқда, деб қўшимча қилди у. Россия яқин орада Қозоғистонда яна учта шундай мактаб очишни режалаштирмоқда.

Россия президенти, шунингдек, яқин келажакда Остона шаҳрида Тўқаевнинг ўзи битирувчиси бўлган Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МГИМО) филиали очилишини эслатди. Россия олийгоҳларида 60 мингга яқин қозоғистонлик талаба таълим оляпти, деди Тўқаев.

Қозоғистон президенти Россия президенти давлат ташрифини Қозоғистон-Россия муносабатлари ривожида муҳим босқич бўлган тарихий воқеа деб атади.

«Қозоғистон учун Россия стратегик шерик ва ишончли иттифоқчи ҳисобланади. Бизни бузилмас дўстлик ришталари, кўп асрлик яхши қўшничилик ва умумий тарих бирлаштириб туради. Ана шу мустаҳкам қадриятларга асосланиб, давлатларимиз келажакка мўлжалланган мазмунли муносабатларни ўрнатди. Қозоғистон-Россия ҳамкорлиги ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча асосий йўналишларини қамраб олган ҳолда мисли кўрилмаган юксалишга эришди. Сиёсий мулоқот изчил ривожланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда, маданий-гуманитар алоқалар фаоллашмоқда. Бугун тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган учрашув ва музокаралар самарадорлик, самимийлик билан ажралиб турди ва чинакам самарали бўлди», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Тўқаевнинг айтишича, Владимир Путин билан музокаралар чоғида иккитомонлама кун тартибидаги кенг кўламли долзарб масалалар муҳокама қилинган ва Қозоғистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилган.

Қозоғистон президенти сўзларига кўра, Россия Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бўлиб, унинг иқтисодиётига сармоя киритаётган етакчи учликдан биридир. Тўқаев саноат соҳасида эришилган ютуқларга тўхталиб ўтди: умумий қиймати 18 миллиард доллардан ортиқ бўлган 93 та қўшма лойиҳа ишга туширилди. Айни пайтда жами қарийб 30 миллиард долларлик сармояга эга яна 49 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Музокаралар якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин янги глобал тартиб шароитида стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича Қўшма баёнотни қабул қилди. Ҳужжат уч блокка бўлинган: сиёсат, иқтисод ва маданият. Унда қайд қилинишича, ҳар икки давлат янги геосиёсий воқеликка мослашишда иккитомонлама ҳамкорликнинг алоҳида ролини тушунади, бу эса, ўз навбатида, «Евросиё маконида хавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлаш зарурлигини тасдиқлайди».

Россия ва Қозоғистон асосий халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ўз позицияларини ўзлари аъзо бўлган бирлашмалар: КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа ташкилотлар орқали мувофиқлаштириш ниятида.

Бундан ташқари, томонлар МДҲ – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини «энг кенг кўламли соҳалардаги ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида баҳолайди ва ушбу форматдаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш тарафдори». Шунингдек, улар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) салоҳияти ва халқаро ролини ривожлантириш ниятида.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) келсак, баёнотда таъкидланганидек, томонлар «тинчликни сақлаш операцияларини ўтказиш ва КХШТ масъулияти доирасидаги инқирозли вазиятларга жавоб бериш бўйича жамоавий ҳаракатлар имкониятларини юқори баҳолайди».

Президентлар, шунингдек, «жамоат ва расмий шахсларнинг ўзаро ишонч ва икки давлат суверенитетини ҳурмат қилиш руҳига зид бўлган масъулиятсиз баёнотларини» қоралаб, «терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашда яқин алоқаларни сақлаб қолиш, махсус хизматлар орқали тезкор ва бошқа маълумотларни алмашишга» келишиб олди.

Баёнотнинг иқтисодий блокида томонлар миллий валюталарда ўзаро битимлар улуши ортганини олқишлаши ҳамда давлатларнинг иммунитетлари ва уларнинг мулки, жумладан, суверен захиралари бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий риоя этилишини тасдиқлашлари қайд этилган.

Ушбу блокнинг салмоқли қисми икки давлат ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган. Унда, хусусан, 2023 йил октябр ойида бошланган «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури билан Қозоғистон ҳудуди орқали Россия табиий газини етказиб бериш, шунингдек, Россия томонидан Қозоғистонда учта иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисидаги келишув қайд этилган.

Транспорт коридорларини ривожлантириш алоҳида қайд этилган. «Шимол-Жануб» халқаро йўналишидаги лойиҳалар шулар жумласидандир.

Томонлар, шунингдек, «Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари» транспорт йўлаги лойиҳасини (бу борада 2023 йилнинг ноябр ойида ўзаро англашув меморандуми имзоланган) тез амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олди.

Коинотни биргаликда тадқиқ қилишни давом эттириш, шунингдек, «коррупцияга қарши кураш соҳасида, жумладан, ноқонуний йўл билан олинган активларни қайтариш ва ўзаро маълумот алмашиш бўйича комплекс ишларни» давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Баёнотнинг икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланган учинчи қисмида раҳбарлар бошқа нарсалар қатори, II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказишга келишиб олди.

Мавзуга оид