Жаҳон | 17:49
3304
3 дақиқада ўқилади

Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари «Орешник»нинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин — Путин

У «Россия НАТО давлатлари биргаликда ишлаб чиқараётган ракеталардан 10 марта кўпроқ қурол ишлаб чиқараётгани, Украинага олиб келинадиган ҳеч қандай замонавий қурол жанг майдонидаги вазиятни ўзгартиролмаслиги»ни таъкидлаган.

Фото: Гавриил Григоров / Спутник / РИА Новости / Profimedia

28 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин Остонада бўлиб ўтган КХШТ саммитида нутқ сўзлаб, Украина билан урушда сўнгги вақтларда юзага келган кескинликка тўхталиб ўтди. У Украина қуролли кучлари АҚШдан олинган АТАCМС ракеталари билан зарба беришни тўхтатмаётганини тасдиқлаб, бунинг учун Россия томонидан ҳар доим жавоб бўлишини таъкидлади.

«Охирги икки кунда Россия Украина томонга 100 та ракета ва 466 та зарбдор дронларни учирди. 17 та нишон – ҳарбий ва мудофаа объектлари йўқ қилинди. Биз Украинага ғарбдан қанча қурол етказилгани ва яна қанча режа қилинганини биламиз», — деган Путин.

Путин ҳамкасбларига АҚШнинг ATACMS ракета тизими русларнинг «Искандер» ракетаси характеристикасига мос тушиши, Буюк Британиянинг Storm Shadow, Франциянинг SCALP ва немисларнинг TAURUS ракеталари эса Россиянинг X-101 ракетаси аналоги эканини айтди.

Бундан ташқари, у Киев расмий шахслари «хўжайинларидан бошқа қуролларни тиланиши» билан бирга русларда «Калибр», «Кинжал» ва «Циркон» ракеталари мавжудлигини унутмасликни сўраган. «Характеристикаси бўйича уларнинг дунёда муқобили йўқ», деган Путин.

«Россияда ракеталарни ишлаб чиқариш тўлиқ таркибда давом этмоқда. Биз бутун НАТО биргаликда ишлаб чиқараётган [ракеталари] дан кўра 10 марта кўпроқ ишлаб чиқаряпмиз. Келаси йилда бу миқдор яна 25-30 фоизга ўсади, ушбу классдаги янги қуроллар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бундан «мижоз» хурсанд бўлади», — деган Путин.

Шунингдек, Путин ғарб қуроллари билан ҳужумга жавобан Украина бўйлаб «Орешник» ракетасини отишда давом этишини билдирди.

«Бизга Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган узоқ масофали ракеталар билан зарбалар беришда давом эттирилса, биз «Орешник» ракетасини жанговар ҳолатда синашда давом этамиз. Худди 21 ноябрда синаб кўрганимиз каби...

Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб Украинадаги нишонларни сараламоқда. Булар ҳарбий объектлар, катта саноат корхоналари ёки Киевдаги «қарор қабул қилиш марказлари» бўлиши мумкин.

«Орешник»ни серияли тарзда ишлаб чиқариш бошланган. Бу ракета чуқурликда жойлашган, юқори ҳимояга эга объектларни ҳам йўқ қилишга қодир. Барча нарсани кулга айлантиради. Уни гуруҳли тарзда отишда ракета кучи ядро қурол қўллаш каби таъсирга эга бўлади. Украинага олиб келинадиган ҳеч қандай замонавий қурол жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирмайди» — деган Путин Остонада давом этаётган КХШТ саммитида. 

Мавзуга оид