Фан-техника | 00:51 / 04.12.2024
3000
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Google қидирув тизимидан фойдаланиш камаймоқда

The Wall Street Journal’да эълон қилинган мақолада келтирилишича, ҳозирги кунда «ёш авлод ахборот йиғиш учун бошқа платформалардан, айниқса, сунъий интеллектдан фойдаланишга ўтган».

Фото: Global Look Press

Сунъий интеллектнинг ривожланиши, маркетплейсларнинг оммалашуви ва Google томонидан тақдим этилаётган маълумотлар сифатининг пасайиши туфайли мазкур қидирув тизимидан фойдаланиш камаймоқда, деб хабар беради The Wall Street Journal. Ушбу тенденциялар Googleʼнинг қидирув трафигини пасайтириши ва компанияни «қўшимча фойда»дан маҳрум қилиши мумкин.

«eMarketer прогнозларига кўра, 2025 йилда Googleʼнинг АҚШ қидирув рекламалари бозоридаги улуши компания бу кўрсаткични кузатишни бошлаганидан бери илк бор 50 фоиздан пастга тушади», — дейилади мақолада.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда «ёш авлод ахборот йиғиш учун бошқа платформалардан, айниқса, сунъий интеллектдан фойдаланмоқда». Масалан OpenAI корпорацияси ChatGPT’га интернет-қидирув функциясини қўшган. Meta Platforms ҳам ўзининг қидирув тизимини яратишни режалаштирмоқда.

«Ҳатто интернетда қидиришни билмайдиган сунъий интеллектли чатботлар ҳам кўплаб масалаларни ҳал қилишга тобора қобилиятли бўлиб бормоқда», — дея таъкидланади мақолада. Бундан ташқари, Microsoft ва Apple уларни ўз операцион тизимларига интеграция қилмоқда.

Шунингдек, WSJ маълумотларига кўра, Amazon «реклама берувчилардан миллиардлаб доллар» ишлаб топмоқда, чунки фойдаланувчилар товарларни танлашда Google қидирувни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри маркетплейсга мурожаат қиляпти. 

Аввалроқ АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼдан Chrome’ни сотишни талаб қилганди. Chrome дунёдаги энг машҳур браузер бўлиб, АҚШ бозорининг 61 фоизи унинг ҳисобига тўғри келади. Америка антимонопол органи қаттиқроқ жазо чорасини қўллашдан воз кечган, улар Googleʼдан Android мобил операцион тизимини сотишни талаб қилишлари мумкин эди.

Мавзуга оид