Технология | 20:12
396
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳукумати хорижликларнинг Anthropic СИ моделларидан фойдаланишига қўйилган тақиқни бекор қилди

Америка расмийлари Anthropic (Claude чат-боти) компаниясига Claude Fable 5 моделини очиқ фойдаланишга қайтаришга рухсат берди. Бу ҳақда компания ўз ижтимоий тармоқларида маълум қилди. 

Фото: Andre M Chang/ZUMA Press Wire/Shutterstock

Июнь ойи ўрталарида АҚШ расмийлари миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ундан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилган эди.

Claude Fable 5 модели 2 июлдан бошлаб бутун дунё бўйлаб фойдаланувчилар учун қайта тикланади.

АҚШ савдо вазири Ҳовард Лютникнинг қўшимча қилишича, Fable 5 моделига кириш имкониятини муҳокама қилиш «Американинг сунъий интеллект соҳасидаги етакчилигини мустаҳкамлаш» учун зарур эди.

Anthropic ўзининг Fable 5 сунъий интеллект моделини жорий йилнинг июнь ойи бошида тақдим этди. Шунингдек, кичик компаниялар гуруҳи учун Claude Mythos 5 - худди шу модел, лекин камроқ ҳимоя механизмлари билан тақдим этилиши эълон қилинди. Бироқ, бир неча кундан сўнг, Америка ҳукумати миллий хавфсизликка таҳдидларни баҳона қилиб, компаниядан барча чет элликлар, жумладан, АҚШ ва ундан ташқарида бўлган компания ходимлари учун ушбу моделлардан фойдаланишни тўхтатишни талаб қилди.

Шундан сўнг Anthropic барча мижозлар учун иккала моделни ҳам ўчириб қўйди. Ўтган ҳафта расмийлар унга Mythos 5 моделини баъзи «ишончли» Америка ташкилотларига очишга рухсат бергани маълум бўлди, аммо Fable 5 тақдири номаълумлигича қолди.

Янги қарор америкалик амалдорлар ва Anthropic мутахассислари ўртасидаги бир неча ҳафта давом этган баҳсга нуқта қўяди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид