Жаҳон | 13:15 / 04.12.2024
2316
2 дақиқада ўқилади

Европа Украинага тинчликпарварларни юбориш мумкин деб ҳисоблаяпти

DW манбаларига кўра, бир қатор Европа давлатлари, агар келишувга эришилса, ўт очишни тўхтатишни таъминлаш учун Украинага тинчликпарвар кучларини юбориш вариантини кўриб чиқмоқда.

Фото: Oleg Petrasiuk/Ukrainian Army via AP

Агар Киев ва Москва ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича бирон-бир келишув тузилса, Европа давлатлари Украинага ўз қўшинларини юбориши мумкин. Бу ҳақда DW нашрига анонимлик шарти билан икки манба НАТО ташқи ишлар вазирларининг 3-4 декабр кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашуви контекстида маълум қилди ва иккала ҳолатда ҳам гап потенциал кузатув миссияси ҳақида кетаётганини билдирди. Суҳбатдошлар фикрича, бундай қадам Европа давлатларининг Украинадаги келишув жараёнига ҳисса қўшиш вариантларидан бирига айланиши мумкин, бироқ айни пайтда тинчликпарвар қўшинларни юбориш талаби Украинанинг ўзидан чиқиши керак.

Бундай баёнотлар НАТОга расман берилмаган — на миллий даражада, на Шимолий Атлантика алянси даражасида. Тахминларга кўра, агар бундай миссия амалга оширилса, у бутун НАТО эмас, балки фақат узоқ муддатда ва алоҳида давлатлар номидан бўлади.

НАТО бош котиби Марк Рютте 3 декабр, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украинада тинчлик ўрнатиш йўлидаги қадамлардан бири сифатида иттифоқчи кучларнинг Украина ҳудудида бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бермади. «Мен алянснинг ҳар бир аъзосидан келаётган ҳар бир янгиликка изоҳ бермоқчи эмасман, чунки биз бор эътиборни Украина музокараларни энг яхши томондан бошлашига қаратишимиз керак деб ўйлайман», деди Рютте. НАТО расмийлари ҳам бу мавзуга ҳозирча изоҳ бермаган.

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский журналистларга Украина ҳудудидаги НАТО қўшинлари ҳақида гапиришни истамаслигини айтди, унинг люксембурглик ҳамкасби Ксаве Беттел эса «аскарлар бориши - уруш дегани» деди ҳамда Европа ҳукуматлари қандай қилиб ўз сайловчиларига уруш олиб бориш қарорини тушунтириши бўйича шубҳа билдирди.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига йиғилишга етиб келганидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилди, бироқ уларнинг саволларига жавоб бермади.

Мавзуга оид