Ўзбекистон | 11:36 / 07.12.2024
6382
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси этиб сайланди

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзоси этиб сайланди.

Фото: Дунё

Олима бу йилги сайловларда МДҲ ва Марказий Осиёдан ягона вакил бўлди. Ўзбекистон тарихида бу нуфузли Академияга сайланган еттинчи академик олим сифатида эътироф этилди.

Бутунжаҳон фанлар академияси президенти, профессор Қуаррайша Абдул Карим Шаҳло Турдиқуловани табриклаб, уни диплом топшириш маросимига таклиф қилди.

Ўтган сайловда жами 74 нафар олимлар (50 нафар эркак ва 24 нафар аёл) сайланиб, TWAS академикларининг умумий сони 1444 нафарга етди. Академикликка диплом топшириш маросими 2025 йил бошида Италиянинг Триест шаҳридаги Академия бош қароргоҳида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Шаҳло Турдиқулова COVID-19'га қарши Ўзбекистон-Хитой вакцинасининг ҳаммуаллифи, Ўзбекистонда нашрлар сони бўйича энг юқори импакт-факторга эга, шунингдек, Nature журналида мақолалари уч марта чоп этилган мамлакатдаги ягона олимадир. У 2024 йил апрел ойида Фанлар академиясининг вице-президенти этиб тайинланди ва ташкилотнинг 80 йиллик тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди. Олима шунингдек, Илғор технологиялар маркази қошидаги инсон генетикаси ва биотехнологиялари илмий мактабининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади.

Мавзуга оид