Ҳаитида қирғин: камида 110 киши ўлдирилди
Бу қирғинга Wharf Jeremie тўдаси етакчисининг ўз фарзандига жодугарликдан зарар етказилгани бўйича шубҳалари сабаб бўлган.
8 декабр, якшанба куни Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тармоғи (RNDDH)нинг маълум қилишича, Ҳаитидаги Сите-Солей туманида Wharf Jeremie тўдаси томонидан камида 110 киши ўлдирилди. Қирғинга жиноий гуруҳ раҳбари Монел «Микано» Феликснинг фарзандига жодугарлик орқали зарар етказилгани бўйича шубҳалари сабаб бўлган.
Феликс боласининг касаллиги туфайли маслаҳат сўраган вуду устаси бир гуруҳ кекса аҳолини тўда бошлиғининг боласига жодугарлик билан зарар етказганликда айблаганидан кейин қирғин уюштиришни буюрди. Мачете ва пичоқлар билан қуролланган тўда аъзолари жума куни камида 60 кишини, шанба куни эса 50 кишини ўлдирган. RNDDH маълумотларига кўра, барча қурбонлар 60 ёшдан ошган. Феликснинг боласи шанба куни тушдан кейин вафот этди.
2022 йилда Монел «Миcано» Феликсга қўшни Доминикан Республикасига кириш тақиқланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил октябр ҳолатига кўра, унинг Wharf Jeremie тўдаси аъзолари сони 300 кишини ташкил қилади.
Пойтахт Порт-о-Пренс портига яқин жойлашган Сите-Солей аҳоли зич яшайдиган, Ҳаитининг энг қашшоқ ва хавфли ҳудудларидан бири. Сиёсий бўлинишлар туфайли парчаланиб кетган орол давлат ҳокимияти пойтахт ва унинг атрофида қуролли тўдаларнинг кучайиб бораётган таъсирини жиловлаш учун курашмоқда. 2022 йилда мамлакат ҳукумати маҳаллий полиция учун халқаро ёрдам сўраган, бироқ 2023 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланган миссия қисман жойлаштирилган ва жиддий ресурслар билан таъминланмаган.
Мавзуга оид
23:57 / 14.11.2024
Ҳаитида бир кунда Американинг учта йўловчи самолёти ўққа тутилди
21:37 / 21.08.2024
АҚШ Ҳаити собиқ президентини гиёҳванд моддалар савдосида айблаб, унга санкциялар қўллади
12:07 / 11.03.2024
ХМТ: Ҳаити пойтахти қамал ҳолатида
18:46 / 09.03.2024