Тожикистоннинг Конибодомида бир оиланинг 6 аъзоси ўлдириб кетилди
Хорижий нашрларнинг ёзишича, Конибодомда сўнгги вақтларда оилаларга босқинчилик ва қотиллик жиноятлари тез-тез кузатилмоқда.
Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом туманида 8 декабр куни бир оиланинг олти аъзоси — эр-хотин ва уларнинг тўрт нафар фарзанди қотиллик қурбонига айланди. Бу ҳақда Конибодом туманининг қотиллик содир бўлган қишлоғига яқин жойда яшовчи шахси сир қолишини истаган Тожикистон фуқароси Kun.uz’га хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Шўрқўрғон маҳалласида яшовчи Неъматовлар оиласи аъзоларидир. Оила бошлиғи — 37 ёшли Наимжон Неъматовнинг жасади уй ҳовлисида, дарахтга осилган ҳолда топилган. Гувоҳларнинг айтишича, эркакнинг бошида калтакланиш излари бўлган.
Оиланинг бошқа аъзоларининг жасадлари, жумладан, 33 ёшли Нафиса Неъматова, 13 ёшли Амина, 10 ёшли Фотима ва Зуҳра, шунингдек, икки ёшли Муҳаммадюсуф уй ичидан бўғилиш белгилари билан топилган.
Жиноят ким томонидан содир этилгани номаълум. 9 декабр куни марҳум оиланинг хонадонига борганлар ҳовлида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва Нафиса Неъматованинг қариндошларига дуч келган. Марҳуманинг қариндошларидан бири Ширинжон Эгамбердиева ушбу воқеа ҳақида шу куни тонгда хабар топганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра Нафиса, унинг эри ва болаларнинг мурдаси Хўжанд шаҳрига тиббий экспертиза учун юборилган.
Эгамбердиеванинг таъкидлашича, Неъматовлар оиласи миграция давомида тўплаган маблағлари ҳисобига кун кечириб келган, Наимжоннинг ўзи Россия фуқаролигига эга бўлган. Аммо қариндошлар бир-бири билан кам мулоқотда бўлиб келган — Эгамбердиева охирги марта ўз жиянини баҳорда кўрган.
Ижтимоий тармоқларда Неъматовлар оиласининг ўлдирилгани бўйича тарқалган маълумотларга кўра, «8 декабр куни соат 21:00 ларда Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги ИИБ навбатчилик қисмига Шўрқўрғон маҳалласидаги Неъматовлар оиласининг жасадлари топилгани бўйича телефон қўнғироғи келиб тушган».
Бир оиланинг олти аъзоси жасади топилиши жорий йилнинг апрел ойидан бери Конибодом шаҳрида камида бешта оилада қотиллик содир этилгани ҳақида тарқалган хабарлар фонида кузатилмоқда. Ушбу воқеаларнинг барчаси маҳаллий аҳолини қўрқувда ушлаб келмоқда. Шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, кечаси кўчалар бўйлаб ниқоб тақиб олган шубҳали шахсларнинг ҳаракатланиши кузатилган.
Расмийлар ўшанда ҳам ўлдирилган оилалар ишига дарҳол муносабат билдирмаган эди. Кейинроқ ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода матбуот анжуманида Конибодомда тўртта оилавий қотиллик содир этилгани, уларнинг иккитаси маиший муаммоларга боғлиқлиги ва гумонланувчилар қўлга олинганини маълум қилганди.
Шунингдек, ўша вақтда Конибодом ҳокими Абдусалом Тўхтасинзода ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаган эди. Туман ҳокимининг айтишича, оилаларнинг ўлдирилиши бир-бирига боғлиқ эмас. «Тергов билан Бош прокуратуранинг тезкор-тергов гуруҳи шуғулланмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, қотилликда гумонланиб бир киши қўлга олинган. Мен барча ишлар билан танишиб чиқдим ва ўлдирилган оилаларнинг ўзаро боғлиқлиги йўқлигини биламан. Ижтимоий тармоқларда тарқалган қора кийимли одамлар видеоси Конибодомда олинмаган. Бундай кадрлар одамларни қўрқитиш учун тарқатилади», — деганди ҳоким.
Мавзуга оид
20:01 / 13.12.2024
АҚШдаги йирик суғурта компанияси директорини ўлдиришда айбланган шахс учун 70 минг доллардан зиёд маблағ тўпланди
11:00 / 10.12.2024
АҚШдаги шов-шувли қотилликни содир этишда гумонланган шахс қўлга олинди
13:39 / 08.12.2024
Автоҳалокат туфайли келиб чиққан можаро бир инсон умрига зомин бўлди
12:36 / 06.12.2024