Жаҳон | 11:05 / 11.12.2024
1654
3 дақиқада ўқилади

РФ ҚКнинг Запорижжяга зарбаси оқибатида клиникага зарар етди

Запорижжя области маъмурияти раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Қуролли кучларининг Запорижжяга берган зарбаси натижасида хусусий клиникага зарар етган, бир неча киши ҳалок бўлган. Вайроналар остидан одамларни қидириш давом этмоқда.

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

Россия Қуролли кучларининг Запорижжяга берган зарбаси натижасида офис биноси вайрон бўлган, тиббиёт пункти шикастланган. Бу ҳақда 10 декабр, сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Telegramʼдаги саҳифасида маълум қилинди.

Запорижжя области маъмурияти раҳбари Иван Федоров ўз навбатида Telegramʼда 16 киши жароҳатланганини, уч киши ҳалок бўлганини ёзди. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар орасида икки шифокор ҳам бор.

Қутқарувчилар Россия ракетаси томонидан нишонга олинган хусусий клиника вайроналари остидан одамларни қидирмоқда, деди Федоров. Воқеа жойида барча хизматлар ишламоқда, учта тиббий бригада навбатчилик қилмоқда. Қурбонлар сони янада ортиши мумкин.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати (ФВДХ) кечқурун маълум қилишича, вайроналар остидан икки аёл қутқариб олинган. Охирги маълумотларга кўра, хусусий клиникага уюштирилган ҳужум натижасида 4 киши ҳалок бўлган, 21 киши яраланган.

РФнинг Запорижжя ва Кривий Ригга зарбалари: камида 12 қурбон

6 декабр куни Россия қўшинлари Украинанинг шарқий минтақалари – Запорижжя ва Кривий Ригга зарбалар берди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият вакиллари Telegram-каналларида хабар тарқатди.

«Тўққиз киши ҳалок бўлди, ўн етти киши яраланди, шу жумладан икки бола — душманнинг Запорижжяни ўққа тутиши қурбонлари сони ортди», деб ёзди Запорижжя област маъмурияти раҳбари Иван Федоров Киев вақти билан соат 20.00 да. Telegramʼдаги ёзувларга кўра, зарбанинг ўзи икки соат олдин содир бўлган.

Кейинроқ 10 киши ҳалок бўлгани, 20 киши яралангани, қурбонлардан бири, 23 ёшли эркакнинг аҳволи оғир эканлиги маълум бўлди. «Техник хизмат кўрсатиш станцияси (ТХС) вайрон бўлди, яқин атрофдаги уйлар ва дўконларга зарар етди», деб ёзади Федоров. Аввалроқ Украина Бош прокуратураси 6 декабр куни тахминан соат 18.00да Россия армияси Запорижжя районларидан бирини авианишонга олгани ҳақида хабар берган эди.

Кривий Ригда, Днипропетровск област ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг хабар беришича, ҳужум нишони уч қаватли маъмурий бино бўлган. Икки киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди, улардан саккиз нафари касалхонага ётқизилди.

Областнинг Никопол, Марганец, Покров ва бошқа кичик шаҳарлари ҳам рус қўшинлари томонидан ҳужумга учраган — уларда икки киши яраланган. 13 та хусусий уй, еттита хўжалик биноси, бешта гараж ва учта машина шикастланган, деб ёзади Лисак.

Россия Федерациясининг Украинага қарши 1000 кундан ортиқ давом этаётган тажовузкор уруши бошланганидан бери Россиянинг Украина шаҳарларига ҳаво ҳужумлари деярли ҳар куни содир бўляпти. Россия ва унинг қуролли кучлари расмийлари Россия армияси Украинадаги фақат ҳарбий нишонларга ҳужум қилишини даъво қилишда давом этмоқда, бироқ бу даъволар мустақил манбалар, жумладан журналистлар томонидан бир неча бор рад этилган.

Мавзуга оид