Жаҳон | 10:23
1506
3 дақиқада ўқилади

Россия Киев, Харкив ва Запорижжяга зарба берди

Россия Киев, Харкив, Запорижжя ва Кривий Рих шаҳарларига дронлар ва ракеталар билан зарба берди.

Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp

Украина ҳокимияти ва мамлакат қуролли кучлари вакиллари хабар беришича, пайшанбага ўтар кечаси, 26 феврал куни Россия қўшинлари Украина шаҳарларига навбатдаги ҳужумни дронлар ва баллистик ракеталар қўллаган ҳолда амалга оширган. Зарбалар оқибати ҳақидаги маълумотлар Киев, Харкив, Запорижжя ва Кривий Рихдан келмоқда.

Киевда Голосеев ва Печерск туманларида ёнғинлар чиққанини шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко билдирди. Биринчи ҳолатда зарба хусусий уйга, иккинчи ҳолатда эса хусусий сектордаги икки қаватли уйга тўғри келган. Дастлаб жабрланганлар ҳақида хабар қилинмаган.

Харкивда зарбалар шаҳар марказий боғига, шунингдек Слободской, Салтовский ва Шевченко туманларидаги турар жой биноларига тўғри келган. Шаҳар мэри Игор Терехов ҳужумлар натижасида камида саккиз нафар киши жабрланганини маълум қилди. Шунингдек, газ қувури тармоғининг бир қисми шикастланган.

Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров маълумотига кўра, Запорижжяда бир нечта тўғридан тўғри зарба қайд этилган, шулардан бири савдо маркази биносига тўғри келган. Камида олти нафар киши жабрлангани маълум. Мансабдорга кўра, РФнинг нишонлари орасида шаҳарнинг инфратузилма объектлари ҳам бўлган.

Кривий Рихда Россия дрони беш қаватли турар жой уйига урилган, ҳужум натижасида жабрланган бор, деб хабар қилди шаҳар мудофаа кенгаши раиси Александр Вилкул.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари хабар беришича, аввалги куни кундузи РФ Украина шаҳарларига камида 115 та дрон учирган.

Украина эса 25 февралга ўтар кечаси Россиянинг Смоленск вилоятидаги Дорогобуж шаҳрида жойлашган кимё заводига ҳужум қилган. “Дорогобуж” корхонасида, жумладан, ҳарбий соҳада қўлланиши мумкин бўлган аммиак селитраси ишлаб чиқарилади. Маҳаллий губернатор Василий Анохин маълумотига кўра, ҳужум оқибатида завод инфратузилмасининг айрим элементлари, ёнғин қисми биноси ҳамда ёнғин ўчириш учун мўлжалланган махсус автомобил шикастланган.

Тўлиқ кўламли жанг ҳаракатлари давом этаётганига тўрт йил тўлиши фонида Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Суҳбат якунларига кўра, Украина раҳбари РФ, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг навбатдаги раунди март ойи бошига режалаштирилганини айтди.

Бу йил бошидан буён уч давлат делегацияларининг тўртинчи учрашуви бўлади, аммо олдинги раундлар натижасида тинчлик сари сезиларли илгарилаш ҳақида хабар берилмаган. Энг асосий ҳал этилмаган масалалардан бири — Москва томонининг Донбасс бўйича ҳудудий даъволари, шунингдек 2022 йилда РФ кучлари эгаллаган Запорижжя АЭС устидан назорат масаласи бўлиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид