Жаҳон | 09:11
687
3 дақиқада ўқилади

Россия Запорижжяга яна ҳужум қилди: 18 ёшли икки фуқаро ҳалок бўлди

Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари хабар беришича, Россиянинг Запорижжяга уюштирган ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлган, камида 11 нафар киши яраланган. Дрон зарбалари туфайли кўп қаватли уйлар шикастланган. Харкив эса ракета ҳужумига учраган, хусусий уйларга зарар етган.

Фото: Telegram / ivan_fedorov_zp

Россия қўшинлари сешанба куни, 3 феврал кечқурун Запорижжяга навбатдаги бор оммавий ҳужум уюштирди. “Ўн бир киши яраланган ва икки нафар ҳалок бўлган: Запорижжяга қилинган душман ҳужумлари оқибатида жабрланганлар сони ортиб бормоқда”, — деб Telegram’да ёзди маҳаллий вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров.

Бир неча соат олдин у дронлардан бири кўп қаватли уйлардан бирига урилгани, оқибатда 18 ёшли икки нафар — йигит ва қиз ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Яраланганлар орасида 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган камида уч нафар бола бор. Федоровнинг қўшимча қилишича, ҳужум давомида Запорижжяда бешта кўп қаватли уй шикастланган, шаҳардаги ҳаво ҳужуми хавфи ҳақидаги сирена эса бир суткадан ортиқ вақтдан бери тўхтамай янграмоқда.

Харкив мэри Игор Тереховнинг маълум қилишича, 4 феврал тунги пайт Россия шаҳарга яна ракеталар билан ҳужум қилган. “Душман икки марта ракета зарбасини берди: бири — Харкив атрофидаги яқин шаҳарча томонга, иккинчиси — шаҳарнинг Салтов туманига”, — дейилади унинг Telegram’даги хабарида. Кейинроқ Терехов “жабрланганлар йўқ”, деб аниқлик киритди ва бир нечта хусусий уйлар шикастланганини қўшимча қилди. Ҳозир Харкивда минус 22 даража, Запорижжяда эса минус 13.

3 февралга ўтар кечаси Украинанинг бир қатор ҳудудларига оммавий зарбалар берилгани ҳақида Telegram’да Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари, шунингдек Киев ва Харкив раҳбарияти хабар берди. Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко кундузи маълум қилишича, пойтахтда жабрланганлар сони етти нафарга етган. Харкив вилояти полицияси эса Салтов туманидаги турар жойга берилган Россия зарбаси оқибатида Харкивда ҳам етти киши яраланганини хабар қилди.

Ушбу ҳужумлар вақтида Россия жами 450 та учувчисиз аппарат (дрон) ва 60 тадан ортиқ ракетани қўллаган, деб ёзди X ижтимоий тармоғида мамлакат ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха. Унинг сўзларига кўра, РФ президенти Владимир Путин ҳарорат пасайишини кутган ва Украина энергетика тизимига зарба бериш учун шу пайтни танлаган. “На бу ҳафта кутилган Абу-Дабидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар, на унинг Қўшма Штатларга берган ваъдалари уни энг қаттиқ қиш даврида фуқаролик аҳолисига қарши ҳужумни давом эттиришдан тўхтата олди”, — дея таъкидлади Сибиха.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид