Жаҳон | 16:05 / 12.12.2024
2273
3 дақиқада ўқилади

Шолц немис компанияларини Украинага сармоя киритишга чақирди

Германия канцлери Олаф Шолцнинг сўзларига кўра, Украинага инвестициялар «Европа Иттифоқининг келажакдаги аъзосига сармоядир».

Фото: Liesa Johannssen / Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц 11 декабр, чоршанба куни Берлинда Германия-Украина иқтисодий форумини очар экан, немис компанияларини Украинага кўпроқ сармоя киритишга чақирди. «Агар сиз бугун ва келгуси йилларда Украинага сармоя киритсангиз, демак, сиз Европа Иттифоқининг бўлажак аъзосига инвестиция киритган бўласиз», деди Шолц. У Германия ва Украина ўртасидаги биринчи қўшма корхоналар мудофаа саноатида аллақачон пайдо бўлганини қўшимча қилди. «Менимча, бу динамик равишда давом этиши керак», деди Шолц.

Канцлернинг сўзларига кўра, урушдан кейин Европа Украинадаги иқтисодий ўсиш суръатлари ва ривожланиш имкониятларини кўради, «бу илгари фақат сўнгги йигирма йил ичида Европа Иттифоқига қўшилган Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида кузатилганди». Германия иқтисодиёти ушбу муваффақият тарихида катта рол ўйнади ва улардан фойда кўрди, деб давом этди Шолц. «Мен Украинага нисбатан ҳам шунга ўхшаш нарсани хоҳлайман», деб хулоса қилди канцлер.

Ҳаммаси бўлиб, унинг сўзларига кўра, Украинада 2000 га яқин немис компанияси ишлайди. «Уларнинг кўпчилиги қўшимча сармоя киритишни режалаштирмоқда. Сиз мамлакатни қайта тиклашга ёрдам беряпсиз», — деди Шолц. Канцлер Украинанинг ЕИга қўшилишидан олдин ҳали кўп йўл босиб ўтиши кераклигини таъкидлади. Бироқ, бу жараён «Украина нафақат маданий ва сиёсий жиҳатдан Европага тегишли эканлигига, балки Европа Иттифоқига аъзо давлат бўлишига – ундан келиб чиқадиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишига ишонч пайдо қилади».

Шолц: Украина қочқинларга Германияда иш топишда ёрдам бермоқчи

Киев расмийлари украиналик қочқинларнинг Германияда иш топишида ёрдам бермоқчи. Бу ҳақда 4 декабр куни Германия канцлери Олаф Шолц айтди, деб ёзмоқда Reuters агентлиги.

Шолцнинг сўзларига кўра, Украина президенти Володимир Зеленский унга Германия ва Полшада қочқинларга иш топиш ёки ўз ватанларига қайтишда ёрдам берадиган Украина органларини яратиш ниятида эканлигини айтди. «Биз бу йўналишда ҳамкорлик қила оламиз», деб таъкидлади Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари Бундестаг депутатларининг саволларига жавоб берар экан.

Германия канцлери 2 декабр куни Украинага ташриф буюрди ва у ерда Зеленский билан узоқ муддатли учрашув ўтказди.

Reuters таъкидлаганидек, Германиядаги миллиондан ортиқ қочқиннинг кўпи бу мамлакатда иш топмаган. Шу билан бирга, Киев расмийлари ҳарбий хизматга яроқли эркакларни ватанига қайтаришдан манфаатдор.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид