Ўзбекистон | 07:35
4854
1 дақиқада ўқилади

Биржага чиқарилаётган бензин ҳажми тўрт баробар оширилди

Энергетика вазирлиги биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми тўрт баробар оширилгани тўғрисида маълумот берди.

Совуқ ҳаво оқими натижасида айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига киритилаётган қисқа муддатли чеклов муносабати билан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми вақтинчалик икки карра оширилгани ҳақида хабар берилган эди.

2024 йил 6 декабр кунига қадар биржа савдоларига чиқарилаётган Аи-80 бензини ҳажми 2000 тоннани ташкил этган бўлса, ушбу миқдор 10 декабрдан бошлаб ўртача тўрт баробар оширилиб, ҳозирги вақтда 8000 тоннадан қўйиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Аи-92 автобензинини биржа савдоларида сотиш ҳажми ҳам оширилиб, кунлик 4000 тоннага етказилди.

2024 йил 13 декабр куни ҳам яна 8000 тонна Аи-80 бензини биржа савдоларига қўйилган бўлиб, унинг 7780 тоннаси харидорлар томонидан сотиб олинди.

Биржа савдоларига жойлаштирилаётган автобензин ҳажмини талаб ва таклифдан келиб чиқиб янада ошириш имконияти мавжуд, дейилади хабарда.

Мавзуга оид