Жаҳон | 09:52 / 25.12.2024
2630
2 дақиқада ўқилади

РФда кардиожарроҳ ФБКга донат юборгани учун тўрт йилга қамалди

Москва суди кардиожарроҳ Иван Тишченкони Коррупцияга қарши кураш жамғармасига маблағ хайрия қилгани учун тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.

Фото: Сергей Ведяшкин

Москванинг Перовский суди кардиожарроҳ Иван Тишченкони 24 декабр, сешанба куни «экстремистик фаолиятни» молиялаштириш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282.3-моддаси 1-қисми) моддаси бўйича тўрт йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда «Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари» Telegram-каналида айтилган. SOTAvision нашрининг аниқлик киритишича, бундай ҳукмга Тишченконинг марҳум россиялик мухолифатчи Алексей Навалний шерикларининг Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК)га маблағ хайрия қилгани сабаб бўлган.

Иван Тишченконинг адвокати Наталя Тихонова РБК агентлигига берган изоҳида ҳимоячи ҳукмдан ҳайратда қолганини ва устидан шикоят қилишни режалаштираётганини айтди. «Бу минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолган ва, албатта, Россиянинг конституциявий тузумига хавф туғдириш ниятида бўлмаган шахс учун жуда оғир жазо, у ФБК экстремистик ташкилот деб тан олинишидан олдин обуна бўлган ва обунани бекор қилишни унутган», — деди у.

SOTAvision шунингдек, жарроҳ озодликда бўлганида журналистларга ФБК Россияда «экстремистик» деб тан олинмасидан олдин пул хайрия қилганини, аммо обунани вақтида бекор қилишни унутганини таъкидлаган. Тишченко бу ишда айбини тан олди. Унинг иши бор-йўғи бир ҳафта, 2024 йил 17 декабрдан бошлаб кўриб чиқилди.

Мавзуга оид