Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФБК Путиннинг яна бир “саройи”ни топди — қўшиб олинган Қримда
Владимир Путин қўшиб олинган Қрим яриморолида саройга эга. Илгари бу резиденция Украина собиқ президенти Виктор Януковичга тегишли бўлган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) эълон қилган видеороликда айтилади.
Фото: navalny.com
Алексей Навалний томонидан ташкил этилган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) сешанба, 30 декабр куни YouTube’да янги суриштирувини чиқарди. Унда Россия президенти Владимир Путин қўшиб олинган Қримда саройга эга экани ҳақида даъво қилинган.
Гап Балаклава яқинидаги Айя бурунида жойлашган бинолар мажмуаси ҳақида кетмоқда. “Бошида бу ‘Айя буруни’ пансионати биноси эди. Кейин бу жой Виктор Янукович (Украинанинг собиқ президенти — таҳ.)га ёқиб қолди: у ердаги ҳамма нарсани буздирди, дарахтларни кесдирди ва ўзи учун ёзги дача қуришни бошлади. Путин 2014 йилда Қримни қўшиб олганидан кейин Януковичнинг мулки тортиб олинди ва давлат мулкига ўтказилди”, — деб ҳикоя қилади Навалнийнинг сафдошлари.
ФБКнинг давом этишича, ҳозир бу жойда майдони 9000 квадрат метрдан ортиқ бўлган асосий уй ва майдони қарийб 5000 квадрат метр бўлган меҳмон қабул қилиш уйи жойлашган. Жамғарма хабарига кўра, ичида “саройона интерерлар” мавжуд. Резиденцияда хусусий тиббий марказ ва криокамера ишлайди. Бундан ташқари, ҳудудда ходимлар учун бинолар, техник иншоотлар, вертолёт қўниш майдони, ўз соҳилбўйи, пирс ва оқ қумли сунъий пляж ҳам бор.
Навалнийнинг сафдошлари маълумотларига кўра, Путиннинг эҳтимолий саройини қуриш тахминан 10 млрд рублга тушган. “Асосий пудратчи сифатида ‘Кредо’ бошқарув компанияси қатнашган. Бу компания илгари Путиннинг расмий ва норасмий резиденцияларини — Геленжикда, Валдайда ва Красная Полянада қуриш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланган”, — деб қайд этади ФБК. Ҳужжатларга кўра, объект фирмалар занжири орқали расмийлаштирилган. Шу билан бирга, ишончномаларда Геленжикдаги “Путин саройи”га оид ҳужжатларда ҳам учрайдиган ўша адвокатлар (юристлар) кўринади. Интерер бўйича техник топшириқда эса Федерал қўриқлаш хизмати талаблари тўғридан тўғри кўрсатилган.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси сўнгги бир неча йил ичида бир қатор шов-шувли суриштирувларни эълон қилган. Масалан, 2021 йилда Навалнийнинг сафдошлари Қора денгиз соҳилида қиймати 100 млрд рубл деб баҳоланган “Путин саройи”ни топганини айтган. ФБК маълумотига кўра, уни қуриш ва сақлаш харажатларини икки давлат компанияси — “Роснефть” ва “Транснефть” тўлаган.
2023 йилда Навалний жамоаси Сочидаги нуфузли кўчмас мулк ҳақида янги суриштирув чиқарган: уларнинг даъвосига кўра, бу мулклар Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг яқин қариндошларига, юқори лавозимли генерал Сергей Суровикинга ва журналист Владимир Соловёвга яқин шахсларга тегишли.
Ноябр ойида Россия Олий суди Бош прокуратура даъвоси бўйича ФБКни “террористик ташкилот” деб эълон қилган. Ҳалок бўлган россиялик мухолифатчи сафдошлари шундай деган: “Биз ишлашда давом этамиз. Суриштирамиз, ҳақиқатни айтамиз, сиёсий маҳбусларга ёрдам берамиз — Россия эркин бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”.
Мавзуга оид
14:05
РФда Путин фигуралари сабаб немис ҳайкалтароши устидан суд кейинга қолдирилди
09:43
Киев АҚШ билан Путин қароргоҳига ҳужум ҳақидаги хабарларни муҳокама қилди
09:21
АҚШ ва Франция Украинанинг Путин қароргоҳига ҳужуми ҳақидаги даъволарга шубҳа билан қарамоқда
23:41 / 30.12.2025